ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 21 июнда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг амал қилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган ишлов бериш воситаларидан, шу жумладан ахборот технологияларидан қатъи назар юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;
Миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;
давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш;
тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолияти, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш жараёнида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш доирасида олинган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;
шахсга доир маълумотлар субъекти (субъект) — шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс;
шахсга доир маълумотлар базаси — таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш — шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш;
шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
учинчи шахс — субъект, мулкдор ва (ёки) оператор бўлмаган, аммо шахсга доир маълумотларга ишлов бериш бўйича ҳолатлар ёки муносабатлар орқали улар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахс.
5-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари
Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги;
шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги;
шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги;
субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги;
шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлиги.
2-боб. Шахсга доир маълумотлар соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
6-модда. Шахсга доир маълумотлар соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширувчи органлар
Шахсга доир маълумотлар соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
шахсга доир маълумотлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди;
шахсга доир маълумотлар базаларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш тартибини тасдиқлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан:
шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидларга қараб, уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини;
шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлашга оид бўлган, бажарилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида уларнинг белгиланган ҳимоя қилинганлик даражасини таъминлайдиган талабларни;
биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлардан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.
8-модда. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).
Ваколатли давлат органи:
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибини тасдиқлайди;
Мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлайди;
Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритади;
шахсга доир маълумотлар базаси Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;
шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида давлат назоратини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;
давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли давлат органларига уларнинг фаолияти соҳасига нисбатан қўлланиладиган белгиланган маълумотларни юборади;
шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди;
ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми ва мазмунини, фаолият турини, шахсга доир маълумотлар хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг ҳақиқийлигини таҳлил қилади;
шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;
чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар билан шахсга доир маълумотлар соҳасида ҳамкорликни амалга оширади.
3-боб. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш
9-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш иштирокчилари
Субъект ва оператор шахсга доир маълумотларга ишлов бериш иштирокчиларидир. Субъектнинг қонуний вакили, мулкдор ва учинчи шахслар ҳам шахсга доир маълумотларга ишлов бериш иштирокчилари сифатида иш юритиши мумкин.
10-модда. Шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш
Шахсга доир маълумотлар базаси мулкдор ва (ёки) оператор, шунингдек учинчи шахс томонидан амалга ошириладиган вазифаларни бажариш учун зарур ҳамда етарли бўлган шахсга доир маълумотларни йиғиш йўли билан шакллантирилади.
Шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш тартиби ва принциплари мулкдор ва (ёки) оператор томонидан мустақил равишда белгиланади. Шахсга доир маълумотларни сақлаш шахсга доир маълумотларни йиғиш чоғида илгари билдирилган мақсадлар талаб этадиган даражада субъектни идентификация қилиш имконини берадиган шаклда амалга оширилади.
Шахсга доир маълумотларни сақлаш муддати уларни йиғиш ва уларга ишлов бериш мақсадига эришиш санаси билан белгиланади.
11-модда. Шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш
Шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш субъектнинг мурожаати асосида, ушбу мурожаат берилган пайтдан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай мулкдор ва (ёки) оператор томонидан амалга оширилади.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш бундай номувофиқлик аниқланган пайтдан эътиборан дарҳол амалга оширилади.
12-модда. Шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш
Мулкдорнинг, операторнинг ва учинчи шахснинг фаолияти мақсадларини амалга оширишга қаратилган шахсга доир маълумотлар билан ҳаракатлар шахсга доир маълумотлардан фойдаланишдир.
Мулкдор, оператор ва учинчи шахс томонидан шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш бу маълумотларнинг зарур даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш шарти билан фақат ушбу шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича илгари билдирилган мақсадлар учун амалга оширилади.
Мулкдор ва (ёки) операторнинг, шунингдек учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари томонидан шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш фақат уларнинг ўз касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Мулкдор ва (ёки) операторнинг, шунингдек учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари ўзига ишониб топширилган ёки касбий, хизмат ёхуд меҳнат мажбуриятларини бажариши сабабли маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслиги шарт.
13-модда. Шахсга доир маълумотларни бериш
Шахсга доир маълумотларни муайян шахсга ошкор этишга қаратилган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни бериш ҳисобланади.
Шахсга доир маълумотларни давлат бошқаруви органларига бериш бепул асосда амалга оширилади.
Субъект ўзининг шахсга доир маълумотларини беришни рад қилган тақдирда, ўзининг рад қилиши сабабларини кўрсатмаслик ҳуқуқига эга.
14-модда. Шахсга доир маълумотларни тарқатиш
Шахсга доир маълумотларни номуайян доирадаги шахсларга ошкор этишга, шу жумладан шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилишга, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга ёки шахсга доир маълумотлардан бирор-бир бошқа усул билан фойдаланиш имконини беришга қаратилган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни тарқатишдир.
Шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш субъектнинг розилиги билан амалга оширилади.
15-модда. Шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш
Шахсга доир маълумотларни мулкдор ва (ёки) оператор томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига узатиш шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатишдир.
Шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш шахсга доир маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари бир хилда ҳимоя қилинишини таъминловчи чет давлатлар ҳудудига амалга оширилади.
Шахсга доир маълумотларнинг бир хилда ҳимоя қилинишини таъминламайдиган чет давлатлар ҳудудига шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:
субъектнинг ўз шахсга доир маълумотларини трансчегаравий узатиш бўйича розилиги мавжуд бўлганда;
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, аҳолининг соғлиғи ва маънавиятини муҳофаза қилиш зарур бўлганда;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда.
Шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми асосларини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг маънавиятини, соғлиғини, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаасини ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тақиқланиши ёки чекланиши мумкин.
16-модда. Шахсга доир маълумотларни эгасизлантириш
Амалга оширилиши натижасида шахсга доир маълумотларнинг муайян субъектга тегишлилигини аниқлаш имкони бўлмай қоладиган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни эгасизлантиришдир.
Тарихий, статистик, социологик, илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда мулкдор ва оператор, шунингдек учинчи шахс бу маълумотларни эгасизлантириши шарт.
17-модда. Шахсга доир маълумотларни йўқ қилиш
Амалга оширилиши натижасида шахсга доир маълумотларни тиклаш имкони бўлмай қоладиган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни йўқ қилишдир.
Шахсга доир маълумотлар мулкдор ва (ёки) оператор, шунингдек учинчи шахс томонидан қуйидаги ҳолларда йўқ қилиниши лозим:
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадига эришилганда;
субъектнинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш учун берилган розилиги чақириб олинганда;
шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг субъект берган розилик билан белгиланган муддати ўтганда;
суднинг қарори қонуний кучга кирганда.
4-боб. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тартиби
18-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш шартлари
Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ушбу Қонуннинг асосий принципларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
субъект бу маълумотларга ишлов беришга розилик берганда;
субъект тараф бўлган шартномани бажариш учун бу маълумотларга ишлов бериш ёки шундай шартнома тузилгунига қадар субъектнинг сўровига биноан чоралар кўриш зарур бўлганда;
мулкдор ва (ёки) операторнинг қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларини бажариш учун бу маълумотларга ишлов бериш зарур бўлганда;
субъектнинг ёки бошқа шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу маълумотларга ишлов бериш зарур бўлганда;
мулкдор ва (ёки) операторнинг ёки учинчи шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун ёхуд шахсга доир маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилмаслиги шарти билан ижтимоий аҳамиятга молик мақсадларга эришиш учун бу маълумотларга ишлов бериш зарур бўлганда;
шахсга доир маълумотларга уларни мажбурий равишда эгасизлантириш шарти билан статистик ёки бошқа тадқиқот мақсадларида ишлов берилганда;
агар бу маълумотлар ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан олинган бўлса.
Субъектнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида шахсга доир маълумотларга ишлов бериш зарур бўлган тақдирда, бу маълумотларга ишлов беришга розилик олиш мумкин бўлган пайтга қадар субъектнинг розилигисиз йўл қўйилади.
19-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришга оид талаблар
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг мақсадлари мулкдор ва (ёки) операторнинг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, низомлар, таъсис ҳужжатлари ёки бошқа ҳужжатлар билан белгиланади ҳамда ушбу Қонунга мувофиқ бўлиши керак.
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг мақсадлари уларни йиғиш чоғида илгари билдирилган мақсадларга, шунингдек мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига мувофиқ бўлиши керак.
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг мақсади ўзгарган тақдирда, мулкдор ва (ёки) оператор субъектнинг ўз маълумотларига ўзгарган мақсадга мувофиқ ишлов берилиши учун розилигини олиши керак.
Шахсга доир маълумотлар аниқ ва ишончли бўлиши, зарур бўлган тақдирда эса ўзгартирилиши ва тўлдирилиши керак.
Шахсга доир маълумотлар базасига киритилиши мумкин бўлган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми субъект томонидан ушбу Қонунга мувофиқ белгиланади. Ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми ва хусусияти уларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларига мувофиқ бўлиши керак.
Шахсга доир маълумотларга субъектни идентификация қилишга йўл қўйиладиган шаклда ёки эгасизлантирилган тарзда ишлов берилади.
Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш муддати субъектнинг ўз шахсга доир маълумотларига ишлов беришга розилиги амал қиладиган муддатдан ошиб кетмаслиги керак.
20-модда. Шахсга доир маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби
Шахсга доир маълумотлар базалари Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Шахсга доир маълумотлар базасини рўйхатдан ўтказиш ариза бериш принципи орқали хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади. Шахсга доир маълумотлар базасини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ариза ваколатли давлат органига берилади.
Ўз таркибида:
жамоат бирлашмасининг ёки диний ташкилотнинг иштирокчиларига (аъзоларига) тааллуқли бўлган ҳамда тегишинча жамоат бирлашмаси ёки диний ташкилот томонидан ишлов бериладиган шахсга доир маълумотлар, уларни учинчи шахсларга тарқатмаслик ёки ошкор этмаслик шарти билан;
субъект томонидан ҳамма фойдаланиши мумкин қилиб қўйилган;
субъектларнинг фақат фамилиясини, исмини ва отасининг исмини ўз ичига олган;
субъектнинг мулкдор ва (ёки) оператор турган ҳудудга бир марталик кириши учун ёки бошқа шунга ўхшаш мақсадлар учун зарур бўлган;
автоматлаштирилган давлат ахборот тизимлари мақомига эга бўлган шахсга доир маълумотларнинг ахборот тизимларига киритилган;
автоматлаштириш воситаларидан фойдаланмаган ҳолда ишлов бериладиган;
меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлов бериладиган шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган шахсга доир маълумотлар базалари рўйхатдан ўтказилмайди.
Мулкдор ва (ёки) оператор тегишли шахсга доир маълумотлар базасини рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларнинг ҳар бир ўзгариши тўғрисида ваколатли давлат органини бундай ўзгариш юзага келган кундан эътиборан ўн календарь кундан кечиктирмай хабардор қилиши шарт.
21-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришга розилик бериш ва розиликни чақириб олиш тартиби
Субъект шахсга доир маълумотларга ишлов бериш учун розиликни унинг олинганлиги фактини тасдиқлаш имконини берувчи ҳар қандай шаклда беради.
Шахсга доир махсус маълумотларга ишлов бериш учун субъектнинг ёзма шаклдаги, шу жумладан электрон ҳужжат тарзидаги розилиги талаб этилади.
Субъект муомалага лаёқатсиз бўлган ёки унинг муомала лаёқати чекланган тақдирда, унинг қонуний вакили субъектнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун ёзма равишда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида розилик беради.
Вояга етмаган субъектларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун уларнинг ота-оналари (васийлари, ҳомийлари), улар йўқлигида эса васийлик ва ҳомийлик органлари ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида розилик беради.
Субъект вафот этган тақдирда, унинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун розиликни, агар субъект ҳаётлиги чоғида бундай розиликни бермаган бўлса, унинг меросхўрлари ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида беради.
Суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган, бедарак йўқолган деб топилган субъектнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш унинг меросхўрларининг ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида берилган розилигига кўра амалга оширилади.
Субъект шахсга доир маълумотларга ишлов бериш учун берилган розиликни ушбу розилик қандай шаклда берилган бўлса, шундай шаклда ёхуд ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида чақириб олади.
22-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришга тааллуқли ахборотни тақдим этиш тартиби
Субъект ўзининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришга тааллуқли бўлган, қуйидагилар кўрсатилган ахборотни олиш ҳуқуқига эга:
шахсга доир маълумотларга ишлов берилганлиги фактининг тасдиғи;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш асослари ва мақсадлари;
шахсга доир маълумотларга ишлов беришда қўлланиладиган усуллар;
мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг номи ҳамда уларнинг (унинг) жойлашган ери (почта манзили), шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган ёхуд мулкдор ва (ёки) оператор билан тузилган шартнома асосида ёки қонун асосида шахсга доир маълумотлар ўзига ошкор қилиниши мумкин бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар;
тегишли субъектга тааллуқли бўлган, ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг таркиби, уларни олиш манбаи, агар ушбу Қонунда бундай маълумотларни тақдим этишнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш муддатлари, шу жумладан уларни сақлаш муддатлари;
ушбу Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларнинг субъект томонидан амалга оширилиш тартиби;
шахсга доир маълумотларнинг амалга оширилган ёки мўлжалланилаётган трансчегаравий узатилиши тўғрисидаги ахборот.
Субъектга ўзининг шахсга доир маълумотларини тақдим этиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳолларда, субъектнинг ўз шахсга доир маълумотларига ишлов берилишига тааллуқли ахборотни олишга бўлган ҳуқуқи чекланиши мумкин.
Субъектнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришга тааллуқли ахборотни учинчи шахсга тақдим этиш тартиби субъектнинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш учун розилиги шартларига кўра белгиланади.
Мулкдор ва (ёки) оператор қуйидаги ҳолларда субъектга унинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришга тааллуқли ахборотни тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади, агар:
субъект ўзининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришни амалга ошириш тўғрисида илгари хабардор қилинган бўлса;
шахсга доир маълумотлар субъект томонидан ҳамма фойдалана оладиган қилинган бўлса ёки ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбадан олинган бўлса;
бундай ахборотнинг берилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келадиган бўлса.
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришга тааллуқли ахборотни тақдим этишни рад қилиш тўғрисидаги хабарнома сўров берган субъектга ўн кун ичида ёзма шаклда юборилади.
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришга тааллуқли ахборотни тақдим этишни рад қилиш тўғрисидаги қарор устидан субъект ваколатли давлат органига ёки судга шикоят қилиши мумкин.
23-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғидаги ҳаракатлар тўғрисида хабардор қилиш
Субъект ўзининг шахсга доир маълумотлари шахсга доир маълумотлар базасига киритилаётганда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари, ушбу Қонуннинг 30-моддасида белгиланган ўз ҳуқуқлари ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиниши керак.
Шахсга доир маълумотлар учинчи шахсга берилган тақдирда, мулкдор ва (ёки) оператор бу ҳақда субъектни уч кун ичида ёзма шаклда хабардор қилади.
Субъектни ёзма шаклда хабардор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилмайди:
давлат органлари ўз ваколатларини амалга ошираётганда;
шахсга доир маълумотлар тарихий, статистик, социологик ёки илмий мақсадларда ишлов бериш учун берилганда;
шахсга доир маълумотлар ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан йиғилганда.
24-модда. Шахсга доир маълумотларга автоматлаштирилган тарзда ишлов бериш
Субъект ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган, юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган ўз шахсга доир маълумотларига фақат автоматлаштирилган тарзда ишлов бериш асосида қарор қабул қилишга дучор этилмаслик ҳуқуқига эга, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Қуйидаги ҳолларда субъектнинг шахсга доир маълумотларига фақат автоматлаштирилган тарзда ишлов бериш асосида қарор қабул қилиниши мумкин:
субъектнинг ёзма шаклдаги, шу жумладан электрон ҳужжат тарзидаги розилиги мавжуд бўлганда;
агар қарор мулкдор ва субъект ўртасидаги шартномани ижро этиш ёки илгари тузилган шартнома шартларини бажариш учун қабул қилинаётган бўлса;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда.
Мулкдор ва (ёки) оператор субъектга унинг шахсга доир маълумотларига фақат автоматлаштирилган тарзда ишлов бериш асосида қарор қабул қилиш тартибини ва бундай қарорнинг эҳтимолдаги юридик оқибатларини тушунтириши, бундай қарорга эътироз билдириш имкониятини бериши, шунингдек субъект томонидан ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартибини тушунтириши шарт.
Мулкдор ва (ёки) оператор ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган эътирозни кўриб чиқиши ҳамда бундай эътирозни кўриб чиқиш натижалари ҳақида субъектни ўн кун ичида ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
25-модда. Шахсга доир махсус маълумотларга ишлов бериш
Ирқий ёки ижтимоий келиб чиқишга оид маълумотлар, сиёсий, диний ёки дунёқарашга оид эътиқодлар, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларига аъзолик тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек жисмоний ёки руҳий (психик) саломатликка тааллуқли маълумотлар, шахсий ҳаёт ва судланганлик тўғрисидаги маълумотлар шахсга доир махсус маълумотлардир.
Шахсга доир махсус маълумотларга ишлов бериш тақиқланади, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Шахсга доир махсус маълумотларга ишлов беришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
ваколатли давлат органи томонидан давлат хавфсизлигини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида;
агар субъект ўз шахсга доир махсус маълумотларига ишлов бериш учун ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида розилик берган бўлса;
агар шахсга доир махсус маълумотлар субъект томонидан ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларда эълон қилинган бўлса;
субъектнинг ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида;
қўзғатилган жиноят иши, ижро ишини юритиш доирасида судлар ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти амалга оширилаётганда;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётганда;
давлат статистика органлари фаолияти амалга оширилаётганда, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан статистика мақсадлари учун шахсга доир маълумотлардан фойдаланилганда, уларни эгасизлантириш шарти билан;
тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилаётганда ёки тиббий ташхис, даволаш белгиланаётганда, бундай маълумотларга шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш мажбурияти зиммасига юклатилган тиббиёт ходими ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг бошқа шахси томонидан ишлов берилиши шарти билан;
меҳнатга доир муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқлар амалга оширилаётганда ва мажбуриятлар бажарилаётганда;
субъект муомалага лаёқатсиз бўлган ёки унинг муомала лаёқати чекланган тақдирда субъектнинг ёки учинчи шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш таъминланаётганда;
шахсга доир маълумотлар, шу жумладан сайлаб қўйиладиган давлат лавозимларига номзодларнинг шахсга доир маълумотлари ҳаммага эълон қилинганда;
нодавлат нотижорат ташкилоти, диний ташкилот, сиёсий партия ёки касаба уюшмаси фаолияти амалга оширилаётганда, ишлов бериш фақат шу ташкилотлар ва бирлашмалар аъзоларининг ёки ходимларининг шахсга доир маълумотларига тааллуқли бўлиши ҳамда субъектларнинг розилигисиз учинчи шахсга берилмаслиги шарти билан;
ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда, бу болалар фуқароларнинг оилаларига тарбиялаш учун жойлаштирилаётганда (патронат) ҳамда васийлик ва ҳомийликни таъминлаш бўйича бошқа чора-тадбирлар амалга оширилаётганда;
шахсга доир маълумотларга давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлов берилаётганда;
судланганлик тўғрисидаги маълумотларга ўз ваколатлари доирасида давлат органлари, шунингдек бошқа шахслар томонидан ишлов берилаётганда.
26-модда. Биометрик ва генетик маълумотларга ишлов бериш
Субъектнинг анатомик ва физиологик ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар биометрик маълумотлардир.
Субъектнинг наслдан-наслга ўтган ёки орттирилган хусусиятларига тааллуқли бўлган, субъектнинг биологик қиёфасини таҳлил қилиш ёки муқобил ахборот олиш имконини берадиган бошқа элементни таҳлил қилиш натижаси бўлган шахсга доир маълумотлар генетик маълумотлардир.
Субъектнинг шахсини аниқлаш учун фойдаланиладиган биометрик ва генетик маълумотларга фақат мазкур субъектнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирда, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини рўёбга чиқариш, одил судловни амалга ошириш, ижро ишини юритиш билан боғлиқ ҳоллар мустасно, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ишлов берилиши мумкин.
Электрон шаклдаги биометрик ва генетик маълумотлардан ахборот тизимларидан ташқарида фойдаланиш ва уларни шундай тизимлардан ташқарида сақлаш фақат улардан рухсатсиз фойдаланишни истисно этадиган ахборот ташувчи моддий жисмларда амалга оширилиши мумкин.
5-боб. Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш
27-модда. Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатлари
Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Мулкдор ва (ёки) оператор, шунингдек учинчи шахс шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича қуйидагиларни таъминлайдиган ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўради:
субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини;
шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини;
шахсга доир маълумотларнинг махфийлигига риоя этилишини;
шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини.
28-модда. Шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги
Субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида мулкдор ва (ёки) оператор ёки шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахс томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган талаб шахсга доир маълумотларнинг махфийлигидир.
Мулкдор ва (ёки) оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт.
29-модда. Ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган шахсга доир маълумотлар
Субъектнинг розилиги билан эркин фойдаланилиши мумкин бўлган ёки махфийликка риоя этишга доир талаблар татбиқ этилмайдиган шахсга доир маълумотлар ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган шахсга доир маълумотлардир.
Аҳолини ахборот билан таъминлаш мақсадида шахсга доир маълумотларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалари (шу жумладан биографик маълумотномалар, телефон, манзил китоблари, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган электрон ахборот ресурслари) яратилиши мумкин.
Шахсга доир маълумотларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларига субъектнинг ёзма розилиги билан унинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, манзили, абонент рақами, касби тўғрисидаги маълумотлар ҳамда субъект томонидан маълум қилинадиган бошқа шахсга доир маълумотлар киритилиши мумкин.
Субъект ҳақидаги маълумотлар шахсга доир маълумотларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларидан унинг мурожаатига кўра, розилик қандай шаклда берилган бўлса, шундай шаклда ёки ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида, шунингдек ваколатли давлат органининг ёки суднинг қарорига кўра чиқариб ташланиши мумкин.
6-боб. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
30-модда. Субъектнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Шахсга доир маълумотлар субъекти:
мулкдорда ва (ёки) операторда, шунингдек учинчи шахсда ўз шахсга доир маълумотлари ва уларнинг таркиби мавжудлигини билиш;
мулкдордан ва (ёки) оператордан шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тўғрисидаги ахборотни сўров бўйича олиш:
мулкдордан ва (ёки) оператордан ўзининг шахсга доир маълумотларидан фойдаланиш имкониятини бериш шартлари тўғрисида ахборот олиш;
ўзининг шахсга доир маълумотларига нисбатан ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан ваколатли давлат органига ёки судга мурожаат этиш;
ўз шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун розилик бериш ва бундай розиликни чақириб олиш, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
ўзининг шахсга доир маълумотларини шахсга доир маълумотларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларида тарқатилиши учун мулкдорга ва (ёки) операторга, шунингдек учинчи шахсга розилик бериш;
агар шахсга доир маълумотлар тўлиқ бўлмаса, эскирган, ноаниқ бўлса, қонунга хилоф равишда олинган бўлса ёки ишлов бериш мақсадлари учун зарур бўлмаса, мулкдордан ва (ёки) оператордан ўзининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришни вақтинча тўхтатиб туришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган субъектнинг шахсга доир маълумотларини тасарруф этишни унинг қонуний вакили амалга оширади.
Ўзининг шахсга доир маълумотларини Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми асосларини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг маънавиятини, соғлиғини, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаасини ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида тақдим этиш субъектнинг мажбуриятидир.
31-модда. Мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Мулкдор ва (ёки) оператор шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Мулкдор ва (ёки) оператор:
шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши;
субъектнинг мурожаатига кўра унинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришга тааллуқли ахборотни тақдим этиши;
ўзи вазифаларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган шахсга доир маълумотлар таркибини тасдиқлаши;
шахсга доир маълумотларга ишлов беришдан кўзланган мақсадга эришилган тақдирда, шунингдек ушбу Қонунда белгиланган бошқа ҳолларда уларни йўқ қилиш чораларини кўриши;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда субъектнинг ўз шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун розилиги олинганлиги далилини тақдим этиши;
башарти янги маълумотларнинг ишончлилиги ҳужжатлар билан тасдиқланса, шахсга доир маълумотларни ўзгартириши ва (ёки) тўлдириши ёхуд бундай ўзгартириш ва (ёки) тўлдиришни киритиш имкони бўлмаган тақдирда бу маълумотларни йўқ қилиши;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш шартлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлган тақдирда, уларга ишлов беришни вақтинча тўхтатиши ёки уларни йўқ қилиши;
субъектнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришни вақтинча тўхтатиш ва (ёки) уларни йўқ қилиш учун субъект томонидан ҳужжатларни электрон тарзда бериш имкониятини таъминлаши;
шахсга доир маълумотлар ўзгартирилган, йўқ қилинган ва улардан фойдаланиш чекланган ҳолларда субъектни, шунингдек шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг бошқа иштирокчиларини ёзма шаклда хабардор қилиши;
шахсга доир маълумотлар учинчи шахсга берилган тақдирда, субъектни ёзма шаклда хабардор қилиши;
ўз мулки бўлган ва (ёки) ишлов берилаётган шахсга доир маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиши;
шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўриши шарт.
Мулкдор ва (ёки) оператор шахсга доир маълумотларга ишлов беришни қуйидаги ҳолларда учинчи шахсга топширишга ҳақли:
субъектнинг ёзма шаклдаги, шу жумладан электрон ҳужжат тарзидаги розилиги мавжуд бўлган тақдирда;
агар қарор мулкдор ва субъект ўртасидаги шартномани ижро этиш ёки илгари тузилган шартнома шартларини бажариш учун қабул қилинаётган бўлса;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда.
Мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг, шунингдек учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлари шахсга доир маълумотларни йиғиш пайтидан эътиборан вужудга келади ва улар йўқ қилиб ташланган ёки эгасизлантирилган пайтга қадар амал қилади.
Мулкдор ва (ёки) оператор шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар учун масъул бўлган таркибий бўлинмани ёки мансабдор шахсни белгилайди ҳамда унинг ишини Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибига мувофиқ таъминлайди.
7-боб. Якунловчи қоидалар
32-модда. Низоларни ҳал этиш
Шахсга доир маълумотлар соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
33-модда. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
34-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ваколатли давлат органи бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
35-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун 2019 йил 1 октябрдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 2 июль,
ЎРҚ-547-сон