Ўзбекистонда адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари мамлакат тараққиёти учун зарур шарт-шароитлар даражасига кўтарилди
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш долзарб вазифага айланди. Бу борада 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилингани тизимдаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди. Шунга кўра, 1994 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Жиноят кодекси қабул қилинди ва бир йилдан сўнг 1 апрелдан ҳаётга жорий этилди.
Собиқ Иттифоқ даврида қабул қилинган жиноят қонунидан фарқли равишда, янги кодексда инсон шаъни ва ҳуқуқлари устувор мезон сифатида белгиланди. Энг муҳими, ушбу кодекс шахсни жиноий тажовузлардан самарали муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш учун пойдевор яратди.
Ўтган йиллар мобайнида халқаро стандартлар ва миллий тажрибамиз асосида жиноят қонунчилиги нормалари босқичма-босқич такомиллаштирилди.
Биринчидан, 2001йил 29августдаги “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан амалдаги Жиноят кодексининг 105 та моддасига жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши юзасидан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, кодексда белгиланган жиноятлар таснифи тубдан ўзгарди. Оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг 75 фоизга яқини ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Жиноий жазо тизимидан “мол-мулкни мусодара қилиш” жазоси чиқарилиб, инсоннинг ажралмас конституциявий ҳуқуқларидан бири мулкий ҳуқуқининг дахлсизлиги кафолатланди.
Қонунчиликда ярашув институти жорий этилиб, давлат органларининг аралашувисиз жиноят натижасида етказилган зарарларнинг қопланиши ва жабрланувчи ҳуқуқларининг қайта тикланиши оқибатида жабрланувчи ва жиноятни содир этган шахсларнинг ўзаро келишуви асосида шахснинг жиноий жавобгарликдан озод қилиниши доираси кенгайтирилди. Шунингдек, жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш учун белгиланган муддатлар қисқартирилди.
Иккинчидан, 2007йил 11июлда “Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда жиноий жазолар тизимини либераллаштириш борасида муҳим қадам бўлди.
Учинчидан, 2008йил 10 апрелдаги “Жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан жиноят содир этган шахсга жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш амалиёти йўлга қўйилди.
Тўртинчидан, 2012 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Жиноят кодексидан ўрин олган янгиликлар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва жиноий жазо тизимини либераллаштириш борасидаги кенг кўламли ишларнинг изчил давоми бўлди. Ушбу қонундаги ўзгартишлар, энг аввало, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарликни либераллаштиришда ўз ифодасини топди.
Жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни такомиллаштиришда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, ушбу институтни ривожлантиришнинг янгича методологик асосларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Аксарият хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида жиноят содир этган шахсга нисбатан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойилларига амал қилишга устувор аҳамият берилган.
Хусусан, Беларусь Республикаси Жиноят кодексида жазони енгиллаштирувчи 11 та ҳолат назарда тутилган. Беларусь Республикасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади. Ушбу тартиб Эстония Республикаси Жиноят кодексида ҳам белгиланган.
Россия Федератив Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва бошқа давлатлар қонунчилигида жиноят содир этилганидан кейин айбдорнинг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб белгиланган. Шунингдек, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон давлатларида жиноят содир этган шахснинг қарамоғида вояга етмаган ёш болалар борлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.
Эътироф этиш лозимки, сўнгги саккиз йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.
Айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тараққиётимизнинг янги даврини белгилаб берувчи “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегияси қабул қилинди.
Суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий пойдеворларидан бири бўлган жиноят қонунчилигини либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, амалдаги жиноят қонунчилигини янада либераллаштирилиши борасида қуйидаги амалий мазмундаги ишлар амалга оширилди:
Ўзбекистонда жиноий жазолар тизимига “мажбурий жамоат ишлари” киритилди. Мажбурий жамоат ишларининг киритилиши муносабати билан жазо тизимидан қамоқ чиқариб ташланди;
жиноят қонунчилигида қилмишнинг жиноийлигини истисно қилувчи ҳолатлар тоифасига “Жиноят кодекси билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказилиши, агар бундай мажбурлаш ёхуд қўрқитиш оқибатида шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқара олмаган бўлса, жиноят ҳисобланмайди” деган қоидани назарда тутувчи
411-модда киритилди;
Жиноят кодексидан 244-модда чиқарилиб, илгари жиноий юрисдикцияда бўлган “Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш” учун жавобгарлик Маъмурий юрисдикцияга ўтказилди;
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 7 декабрдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан 13 ёшдан жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи норма чиқариб ташланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилингани мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли кафолатлашда муҳим аҳамият касб этди.
Асосий қонунимизда “Ўлим жазосини бекор қилиш” каби конституциявий қоиданинг мустаҳкамлангани Жиноят, жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига умуман ўлим жазосини қўллаш билан боғлиқ масалани татбиқ этишга қатъиян йўл қўйилмаслигидан далолат беради.
Шунингдек, соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар натижасида эришилган ижобий кўрсаткичларни келтириб ўтсак: 2023 йилда 1244 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди; 7362 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 33612 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12286 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 13522 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди, 272 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди; ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 2023йилда 14698 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Мухтасар қилиб айтганда мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, хусусан, қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “инсон – жамият – давлат” тамойилининг туб моҳиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, тинчлик ва хавфсизликни ишончли ҳимоя қилиш каби устувор вазифалар ўз аксини топган.
Максуд Каландаров,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Жиноят ҳуқуқи
кафедраси бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент