Ўзбекистонда инклюзив таълим: жорий ўзгаришлар ва тараққиёт йўналишлари
Ўзбекистонда инклюзив таълим тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, айни соҳада бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4860-сонли қарори бу борада амалга оширилиши мўлжалланган саъй-ҳаракатлар учун ҳуқуқий асос бўлди.
Мазкур қарор билан, 2020-2025 йиллар учун халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ва 2020-2021 йилларда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди.
Эътиборлиси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш (66-мақсад); ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг мукаммал таълим олишини таъминлаш, ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш (70-мақсад) каби устувор вазифалар белгилаб берилган.
Ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини, меҳнатга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда илм-фан, техника, санъат ва спортга жалб этиш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-57-сонли қарорининг 9-з-бандига мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги ногиронлиги бўлган ёшларга ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқиш учун жорий этилган субсидиялардан фойдаланишда кўмаклашиш, ногиронлиги бўлган ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиш ва нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларини қоплаш, зарур асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишига ёрдамлашиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
Шунга мувофиқ, Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июндаги 341-сонли қарори қабул қилинган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2023 йилда 14-30 ёшдаги ногиронлиги бўлган ёшлар сони 121 минг 9 нафарни ташкил этган бўлса, шундан 68 минг 723 нафари эркаклар, 52 минг 268 нафари аёллар; шунингдек, 11 минг 569 нафарида I гуруҳ, 69 минг 724 нафарида II гуруҳ, 3 минг 655 нафарида III гуруҳ ногиронлиги мавжуд ва 36 минг 43 нафари ногиронлиги бўлган болалардир.
Қарор талабига биноан, ногиронлиги бўлган ёшларга замонавий касбларни ўргатиш, умумтаълим фанлари ҳамда хорижий тилларга ўқитиш, ўқиш даврида яшаш ва транспорт харажатларини қоплаб бериш мақсадида субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда ва мазкур хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари электрон портали орқали амалга оширилмоқда.
Ўтган 2023 йил давомида электрон портал орқали жами 1 минг 557 та ариза келиб тушган бўлса, ўрганишлар натижасида 1 минг 120 та (72 %) ариза рад этилиб, 437 та (28 %) ариза тасдиқланган. Ижобий тавсия берилган 437 нафар ногиронлиги мавжуд ёшларга 5,1 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Бугунги кунда кўмак кўрсатилган 356 нафар ёшлар мустақил тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгани эвазига улар бандлиги таъминланган.
Жорий йилда Ягона интерактив давлат хизматлари электрон портали орқали ногиронлиги бўлган ёшлар томонидан 1 минг 335 та ариза келиб тушган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аризаларнинг 216 тасида нодавлат таълим ташкилотида ўқиш харажатларини қоплаш, 1 минг 98 тасида асбоб-ускуна ёки меҳнат қуроллари сотиб олиш, 21 таси нодавлат таълим ташкилотида ўқиш даврида яшаш ва транспорт харажатларини қоплаб бериш сўралган. Ушбу аризаларнинг 478 таси тасдиқланган, 105 таси эгалари томонидан бекор қилинган, 710 таси камчиликлари кўрсатилган ҳолда рад этилган, шунингдек 41 та ариза тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида 123 нафар ногиронлиги бўлган ёшларга 1,5 млрд. сўм субсидия ажратилди. Шунингдек, аризалари тасдиқланган яна 355 нафар ногиронлиги бўлган ёшларга субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон 2021 йил 7 июнь куни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификaция қилган.
Мазкур Конвенция қоидаларини амалиётга татбиқ қилиниши таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори давлат ва жамият ҳаётида кутилганидек самаралар бера бошлади. Бинобарин, 2023-2024 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида республикамиздаги 530 та умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълим тизими жорий этилиб, 1 минг 195 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар қамраб олинган. Уларнинг 449 (37,6 %) нафари қиз болаларни ташкил этади.
1 минг 195 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг 515 нафари 1-синфда, 401 нафари 2-синфда, 245 нафари 3-синфда, 17 нафари 4-синфда, 4 нафардан 5- ва 7-синфларда, 3 нафари 8-синфда, 5 нафари 9-синфда, 1 нафари 10-синфда таълим олишмоқда.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлилга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 44 та, Андижон вилоятида 46 та, Бухоро вилоятида 23 та, Жиззах вилоятида 43 та, Қашқадарё вилоятида 37 та, Навоий вилоятида 17 та, Наманган вилоятида 61 та, Самарқанд вилоятида 20 та, Сирдарё вилоятида 16 та, Сурхондарё вилоятида 41 та, Тошкент вилоятида 65 та, Фарғона вилоятида 47 та, Хоразм вилоятида 18 та ва Тошкент шаҳрида 52 та умумий ўрта таълим мактабда инклюзив таълим жорий этилган.
Бошланғич таянч коррекцион синфлар республика бўйича жами 4 та мактабда мавжуд бўлиб, улар билан 62 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар қамраб олинган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 27-мактабда, Андижон вилояти Андижон шаҳридаги 17-мактабда, Бухоро вилояти Когон шаҳридаги 4-мактабда, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 12-мактабда бошланғич таянч коррекцион синфлар мавжуд.
Ҳозирги кунда инклюзив таълим жорий этилган умумий ўрта таълим мактабларида 115 нафар махсус педагог ходимлар фаолият юритиб келишмоқда.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази мутахассислари томонидан инклюзив таълим иштирокчилари учун 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, 12 методик ва 10 та тавсиявий қўлланма ишлаб чиқилди.
Булардан ташқари, педагог ходимлар, ота-оналар ва жамоатчилик ўртасида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим муҳитига мослашишлари” мавзусида 5 та, “Инклюзив таълимда ота-оналар учун тавсиялар” мавзусида 3 та, “Зўравонлик нима? Болаларга нисбатан зўравонлик қандай?”, “Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни мактабда турли хил зўравонлик ҳолатларини олдини олишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар”, “Зўравонликка учраган алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчи билан индивидуал иш олиб бориш”, “Партнерство с родителями в контексте инклюзивного образования”, “Инклюзив таълимнинг махсус таълимдан афзалликлари” мавзуларида роликлар тайёрланиб, Марказнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига жойлаштирилган.
Марказ мутахассислари томонидан инклюзив таълим жорий этилган умумий ўрта таълим мактабларининг педагог ходимлари учун ҳар ўқув йилида offline ҳамда оnline тарзда ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, 2023-2024 ўқув йили учун Марказ раҳбарияти томонидан тасдиқланган режа-график асосида “Инклюзив шароитда таълим олаётган ўқувчи қизларнинг нуқсони туфайли педагог ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан турли камситишларга йўл қўймаслик” мавзусида жами 12 марта онлайн ўқув-семинар ўтказилиб, уларда 3 минг 680 нафар иштирокчи жалб қилинди.
Республикамизда инклюзив таълим тармоғини кенгайтириш, мактабгача ва умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган педагог ходимлар ҳамда ота-оналарнинг инклюзив таълим ҳақидаги билимларини ошириш, тарғиб қилиш мақсадида май ойида Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти, умумий ўрта таълим мактаб ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида “Инклюзив таълим: барча болалар учун тенг имкониятлар” шиори остида семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, инклюзив таълим тизими жорий этилган умумий ўрта таълим ташкилотларининг раҳбарлари, психологлар ва педагог ходимлари учун онлайн шаклда ҳар йили август ойида 72 соатлик мақсадли малака ошириш ўқув курслари доимий равишда ташкил этиб келинмоқда. Ушбу мақсадли малака ошириш ўқув курсларида маҳаллий мутахассислардан ташқари, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон ҳамда Япония каби хорижий давлатлардан мутахассислар ҳам жалб қилинган.
Яна қўшимча сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш масалалари бўйича “Инклюзив таълимнинг долзарб масалалари: муаммо ва уларнинг ечимлари” ва “Инклюзив таълимда халқаро тажриба ва амалиёт, эришилган натижалар ва уларнинг ечимлари” мавзусида ҳар йили республика, халқаро илмий конференциялар ташкил этиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 13 октабрдаги ПҚ-4860-сон қарори асосида Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 13 апрелдаги 113-сонли буйруғи билан Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази тузилмасида “Инклюзив таълим лабораторияси” ташкил этилгани соҳада янги натижаларга эришиш имконини берди.
Шу ўринда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд эканини айтиб ўтиш лозим. Хусусан, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларидаги Болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълим шуъбаларининг психолог-методистлари учун малака ошириш курслари ташкил этилмаган.
Шунга кўра, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларидаги Болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълим шуъбалари психолог-методистлари учун 2024 йилдан мунтазам малака ошириш курсларини ташкил этиш, мазкур курсларни тамомлаган тингловчиларга янги методикаларга ўргатиш миллий маркази сертификатини бериш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Республикадаги инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим мактабларига тюторларни жалб этишда айрим камчиликлар кўзга ташланмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, педагогика йўналишида таҳсил олаётган олий таълим муассасаларининг юқори босқич талабаларини инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим мактабларига амалиёт ўташ учун кенг шароитлар яратиш лозим.
Жамиятда инклюзив маданиятни шакллантириш ва аҳолининг саводхонлигини ошириш учун эса телевидение орқали мавзу юзасидан зарур маълумотлар бериб борилиши, маҳаллаларда учрашувлар, семинар ва тренинглар ташкил этилиши керак.
Таълим олиш учун тенг имкониятни таъминлаш ва барча болаларнинг индивидуал хусусиятларидан, ютуқларидан, тили, маданияти, ота-оналарнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатидан қатъи назар таълимда муваффақиятга эришиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш эса инклюзив таълим тизимини ривожлантиришнинг бош мақсади бўлиши ҳамда бунинг устувор йўналишлари қатъий белгилаб олиниши лозим.
Феруз Аблаяров,
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги
директори ўринбосари