Ўзбекистондан «Янги Ўзбекистон»гача: ЙЎҚОТИЛГАН ҚАЛБНИ ИЗЛАБ...
Германиялик сиёсий шарҳловчи, «Berliner Zeitung» нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбати
Қуйида мамлакатимизнинг яқин ўтмиши, бугуни, келажаги ва минтақадаги сиёсий эврилишлар ҳақида сўз борган мазкур суҳбатни тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
– Жаноб Рафиқов, менда Ўзбекистон ҳақида нимадир ёзиш, бу юртда кечаётган жараёнларни теранроқ англаш иштиёқи туғилганига анча бўлган. Евроосиёда жойлашган бу мамлакатни нафақат геосиёсий, балки цивилизацион нуқтаи назардан ҳам қитъанинг маркази дейишга асослар бор.
Менимча, олис ўтмишда ушбу заминда пайдо бўлган икки буюк юксалиш – Ислом уйғониш даври ва Темурийлар ренессанси улашган маданият ва илм-фан нафақат Шарқ халқлари ёки Ислом олами, балки инсоният тарихи учун ҳам ўта муҳим эди. Аммо қудратли империялар ва тамаддунларга бешик бўлган замин бир неча асрлар давомида ижтимоий-сиёсий парокандалик гирдобида қолди ва ҳатто мустамлакачилик азобларини ҳам тотиб кўрди...
Ҳозир сиздан сўрамоқчи бўлган нарса олис ўтмиш ҳақида эмас, балки бу ўлканинг бугуни, мамлакат ва жамиятнинг мустақилликдан кейин ҳам ўзини ўнглаб олиши қийин кечгани, сиёсий элита зеҳнияти, айниқса, жамият тафаккурида совет давридагидан-да хавотирли турғунлик ҳукм сургани ҳақида бўлади.
Хўш, нега шундай бўлди? Мамлакат эгаменликка эришгач ҳам қарийб чорак аср, то биз суҳбатлашиб ўтирган бугунги кунларгача эски мафкуравий тутумларга “содиқ” қолди.
Билишимча, жамият ҳам, сиёсий элита ҳам ўз “кимлиги”ни концептуал жиҳатдан англаб олиши, янгилаши учун ҳалигача иккиланишларга дуч келаётгандай. Бунинг сабаблари, қолаверса, мустақиллик туйғуси, умумий миллий кимлик, бу борада халқ билан давлат орасидаги муносабатлар “озодлик тонги”дан кейин қандай кечгани ҳақида сўрамоқчиман.
Яна бир мулоҳаза, маълум мақоми ва барча сиёсий атрибутлари бор Ўзбекистон Республикаси ёнига нега мустақилликдан чорак асрдан кўп вақт ўтгач, “Янги” сифатловчиси қўшиб ишлатиладиган бўлди? Бунга қандай зарурат бор эди?
– Кўтарилган масалага бир оғиз сўз билан жавоб бериш қийин. Чунки мавзу мураккаб: янги дунё олимларини энг кўп ўйлантираётган, турли мунозараларга сабаб бўлаётган, характерига кўра ўта зиддиятли дискурс – метрополиялар ва мустамлакалар мавзуси.
Гарчи ёқимсиз бўлса-да, ҳақиқат шуки, Жануб билан Шимолни, Ғарб билан Шарқни боғловчи нуқтада жойлашган улкан минтақа узоқ йиллар “чет ўлка”, (таассуфки, бугун ҳам шундай ўйлайдиганлар бор) сифатида таснифланди. Аммо у бундай таърифга лойиқмиди? Албатта, бу алоҳида масала.
Ҳозир сизнинг саволингиздан чалғимайлик. Аниқ эсимда йўқ: кимдир “инсоният тарихи урушлар тарихидир” деганди. Бу жумла мени нафақат чиройли қурилиши, балки мазмундор поэтикаси билан ҳам жуда мутаассир этади. Ундан келиб чиқадиган фикр эса тушунарли: гарчи урушлар, босқинлар тарихнинг бир бўлаги экан, демак, ҳукмронлар ва мазлумлар доим бўлади...
Ҳали айтганимдек, жуда кўп олимлар тарихнинг мана шу қисми борасида бош қотиришган, изланишлар олиб боришган. Шулардан бири постколониал тадқиқотлар асосчиси ва назариётчиларидан бири, келиб чиқиши фаластинлик (араб христиани) бўлган АҚШлик олим, Колумбия университети профессори, Эдвард Вади Саид эди. У ўзининг энг машҳур асари “Ориентализм”га Маркснинг “Луи Бонапартнинг ўн саккизинчи брумери” асаридан иқтибос келтиради – “Улар ўзларини ифода этолмайдилар, уларни бошқалар танитиши керак”. Ориентализм талабларига кўра, Шарқ ўзи ҳақида ўзи гапира олмайди, ўзини ўзи танита олмайди, тақдим эта олмайди, балки бошқаларнинг ўзи ҳақида гапиришларига, тақдимига, демак, Европа фани кўмагига муҳтож...
“Ориентализм Шарқни қайта талқин қилиб, Европага таништириш йўлида қўлланилган қўшиб олувчи, ўзлаштирувчи фан тармоғи экан, Шарқнинг ҳукмрон Европа томонидан эгалланиб, ўзлаштирилиш жараёни дунё амалий сиёсатида унга ўхшаш бошқа бир тармоқ эди. Бу ўринда Шарқ Ғарбнинг мажозий маънодаги суҳбатдошига эмас, унинг ёнида чурқ этмай турувчи “ўзга”га айланди”, дея тушунтиради Саид. Кенг маънода гап колониал ва постколониал давр ҳақида кетар экан, айни тадқиқот бизнинг жамиятимиз, бугунгача бўлган ижтимоий-сиёсий кечмишимизни баҳоли қудрат ифода этишга арзийди, десак, янглишмаган бўламиз.
Евроосиёнинг марказида жойлашган минтақамиз, гарчи Саид назарга олган глобал Ғарб ва Шарқ, айниқса, араб шарқидек мавзунинг марказида бўлмаса-да, мазмун-эътиборига кўра, хийла “ориенталлашган” эди. Чунки ўлкамиз бир ярим аср давомида икки бор мустамлакачиликни бошидан кечирди... Қолаверса, бугунгача бизнинг номимиздан ҳам гапирдилар, кимлардир бизни атрофга таништирди. Биз ҳам узоқ йиллар ҳукмрон кучлар олдида “чурқ этмай ўтирувчи” ”ўзга”га айландик...
Энди саволингизнинг биринчи қисмига тўхталсак. Нега бундай бўлди?
Бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари бор. Эҳтимолки, айни шу асосларга кўра ҳам, кўпчилик тадқиқотчилар минтақамиз, хусусан, Ўзбекистонда ҳали-ҳамон миллий давлат ва миллат қуриш жараёнлари давом этаётганини уқтиришади ва бу фикрнинг келишса бўладиган томонлари ҳам йўқ эмас.
Моҳиятан ўтган асрнинг биринчи ярмида шакллантирилган сиёсий ўзбек миллати кечмиш даврда тарихи, маданияти, тили ва бошқа ўзликни белгиловчи кодларга эга миллат сифатида жаҳонга тақдим этилган бўлса-да, колониал чегараларини синдиролмади ва бу полисемантик мазмунга эга эди: жумладан, совет мафкураси миллий республикалардаги “ўзлик”нинг барча сифатларини “умум овози”га бўйсундиришга ҳаракат қилди. Собиқ иттифоқнинг энг гуллаган 70-80 йилларида ҳадди аълосига етган “совет кишиси” концепцияси Марказий Осиёда пайдо бўлган миллий жамиятларни совет космополитизмининг гибрид-дурагай ўзанига чуқурроқ киритди.
Сиз тўғри англаганингиздек, биз мустақилликдан кейинги деярли йигирма беш йилда ҳам ушбу концепция таъсиридан чиқиб кета олмадик. Нега? Чунки совет замонининг сўнгида юз берган “қайта қуриш” ва мустақилликнинг 90-йилларида ҳам давом этган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни давлат жиддий хавф, дея қабул қилди (ҳолбуки, ўша йилларда пайдо бўлган ижтимоий муҳит сиёсий ва этник мансубликларни қайта идрок этишга ундаган эди) ва миллий, диний ҳамда сиёсий кайфиятларнинг барча кўринишини сиқувга олди. Давлат ижтимоий-мафкуравий секторда худди иттифоқ замонларидагидек қаттиққўл ва ягона “ўйинчи”га айланди. Битта фарқи, у мафкурасиз эди, холос. Ва айнан ўша 90-йилларнинг бошида воз кечилган коммунистик мафкура диктати ўрнини ҳар қандай янги ғоя ва фикр фобияси эгаллаб олди.
Жамиятда дин, миллий ўзлик ва энг асосийси, тарихга бўлган янгича, очиқроқ айтганда, ҳадиксираб қараш совет консерватизми концепциясидан-да дурагайроқ тушунчани шакллантирди. Унинг энг қўпол шакли жамиятнинг на туркий, на исломий мансубликка алоқадор эканини ўжарларча чеклашда кўринди.
Аҳолисининг деярли 90 фоизини этник туркий қавм – ўзбеклар ва ислом эътиқодига амал қилувчи мусулмонлар ташкил қиладиган минтақанинг энг катта мамлакатида КИМлик турли ғоялар (масалан, Ўзбекистон – келажаги буюк давлат)ни амалга оширувчи ватандошлар сиймосини яратишда акс эта бошлади.
Аммо бу ғоялар коммунистик утопияларга мослиги, ҳаётдан узоқлиги ва ҳам этник, ҳам мафкуравий нуқтаи назардан ноҳаётийлиги учун жамиятга сингиб кетмади. Одамларда ушбу ижтимоий-сиёсий ҳаракатга шубҳа ва ишончсизлик билан қараш кайфиятини уйғотди.
Мустақилликдан кейинги миллий давлат ва миллий жамият барпо этишнинг бундай ўзига хос муҳофазакор йўли нафақат ички сиёсий мувозанат, балки ташқи, хусусан, минтақавий сиёсат траекториясида ҳам терс бурилишга, ўз қобиғига ўралашиб қолишга олиб келди. Биз бир давлат ва миллий жамият ўлароқ, ён қўшниларимиздан ажралиб қолдик. Иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсатдаги протекционизм ва ҳаммага бирдай ётсираб қараш фалсафаси бизни жисмонан яккалаб қўйди, маълум маънода заифлаштирди ҳам. Яқин тарихимиздаги қўшниларимизга қарши олиб борган сиёсатимиз бизда миллий давлат ва миллат қуриш жараёнларини ортга суриб юборди. Чунки бир тирик организм ҳисобланмиш минтақа ҳаёти ўзгараётган бир паллада янгиланишлардан ўзни четга олиш давлатнинг колониализм мафкурасига мойиллигини кўрсатиб берди.
Хуллас, мустақилликнинг ўтган 25 йиллик даврида миллий давлат ва миллат қуриш ишларига жиддий қаралмади. Ва айни шу сабабларга кўра, кўпчилик таҳлилчилар Ўзбекистонда ўтиш даври амалга ошган 2016 йиллар сўнгида “...Мирзиёевга оғир сиёсий ва иқтисодий мерос қолди” деган фикрга келганларида, мутлақо ҳақ эдилар...
Энг афсусланарлиси, сиз айтгандек, геополитик нуқтаи назардан муҳим нуқта – Евроосиёнинг марказида жойлашган минтақанинг энг йирик ва барча жиҳатдан таъсир кучига эга мамлакати маълум маънода ёпиқ ва дунёдан узилган давлатга айланиб қолди.
Миллий давлат ва миллат қурилишининг советча концепциясида қолиб кетишга ундаган ортодоксал майл нафақат ички, балки минтақавий якдилликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жумладан, бу минтақада этник миллатчиликни “илҳомлантириб”, янги ташкил топган республикаларни бир-биридан бегоналаштиришга хизмат қилди...
– Сиз ҳозир мустақилликдан кейин минтақа давлатлари ўртасида яқинлашишдан кўра, парадоксал бир ҳолат – бир-биридан бегоналашиш бошланди, деяпсиз, мен тўғри тушундимми?
– Ҳа, тақрибан шундай. Ўтган аср бошида бўлиб ташланган яхлит бир минтақа – Туркистон халқлари озодликка эришгач, турли тушунмовчиликларга дуч келишди. Баъзан хафагарчилик ва норозиликлар қонли можароларга ҳам айланиб кетди.
Ўзаро низоларга олиб келган бу омиллар чегаралар, сув, этник салмоқ талашувлари туфайли юз берди. Булардан ҳам ёмони қўшни давлатлар миллий мафкура деб ҳисоблаётган нарсаларнинг сиёсийлаштирилганида кўзга ташланди. Унга кўра, тарих ҳам, минтақанинг маданий мероси ҳам мутлақо монополлаштирилди. Кимдир истеҳзо аралаш айтганидай, минтақанинг тарихи, маданий мероси ўзаро нафрат тилига айланиб қолди...
Афсусланарли томони, бугун минтақадаги беш давлатда тарих фанининг беш хил, баъзи ўринларда бир-бирига мутлақо тескари версиялари ўқитилмоқда. Ҳолбуки, уларнинг ўтмиши бир эди. Айтмоқчиманки, узоқ вақт минтақа жамиятларида миллий давлат ва миллат қурилиши жараёнлари айнан совет усулига мос – бир-бирини инкор этиш, ўчакишиш йўлида кечди...
Мавзудан чалғиб кетдик, назаримда. Биз кимликлар, мафкура ва миллий тафаккур ҳақида гаплашаётган эдик. Менинг тушунишимча, кимлик (идентитет)нинг асосини тил, маданият, тарих, тарихий хотира ташкил қилади. Табиийки, дин ҳам бу борада муҳим ўрин тутади. Умумий маънода қараганда, мафкуравий вакуум жамият учун ҳам, давлат учун ҳам хатарлидир. Мустақилликнинг илк йиллари бизда индивидуализм аломатлари пайдо бўла бошлаган эди. Яъни давлат билан жамият ўртасидаги ижтимоий муносабатда узилиш кузатилгандай бўлди. Яшаш ва кун кўриш ташвиши кўпроқ индивиднинг зиммасига туша бошлади. Кундалик турмушдаги маиший догмалар ўз тусини йўқотиб, давлат асосий “боқувчи”лик мақомидан узоқлашди.
Шундай бир пайтда одамга эриш туюладиган советча “тенглик концепти” барҳам топиб, тирикчилик ҳар кимнинг қобилиятига боғлиқ бўлиб қолди. Анъаналарга эътибор кучайди. Тил, ўзлик, тарих, миллий қадриятлар ҳақида кўп гапирила бошланди. Аслида, шуларнинг ўзи ҳам қайсидир маънода мафкура эди. Яъни социумнинг ўзи ўзи учун яратган мафкураси. Аммо, таассуфлар бўлсинки, жамиятдан чиққан ушбу ташаббус – иқтисодий либерализм ҳам, индивидуализм ва традиционализм ҳам илиқ кутиб олинмади ёки қайта ишланмади, инкор этилди; ҳали айтганимдай, ўша пайтдаги сиёсий элита бундан чўчиди.
Масалан, ўша йиллари давлат «совет граждани» эканидан ғашланиб ёки шубҳаланиб, аслини, ўзлигини қидираётган жамият йўлини очиқчасига тўсди. Миллий ўзлик туйғуси, тарих ва анъаналарга қараш миллий хавф сифатида қабул қилинди. Улар ўрнига эски тузумдан қолган гуманистик тўқима ёки совет “макони”дан кўчириб ўтилган қадриятлар – “халқлар дўстлиги”, “байналмилаллик”, “кўп миллатли халқ” деган тушунчаларга зўр берилди.
Албатта, бу ўйланган ва чуқур мантиққа асосланган тадбир эди. Яъни, қулаб тушган мафкура харобаларида ўзини излаётган жамиятни ретрадиционализация – оила қадриятлари, ўз уруғи, этноси сингари тарихий сарчашмаларга қайтишдан, давлат “радикал миллатчилик” деб ҳисоблаётган хавфдан иҳоталаб туриш керак эди. Биз тилга олаётган шу қўрқув, афсуски, давлат сиёсатига нафақат муқим ўрнашиб қолди, балки унинг “фазилати”га айланиб кетди.
Жамиятга ғалати бир ғоя сингдирила бошланди. Унга кўра, биз коммунистик мафкурани инкор этамиз, кимлигимизни кўрсатиб берувчи этногенез тушунчаси, маданият ва қадриятлар силсиласи ҳам шарт эмас. Тўлиқ консерватор ҳам, либерал ҳам эмасмиз. Бироқ мавжудмиз, мустақилмиз. Эгаменлигимизни кўрсатувчи туғромиз, байроғимиз ва яна нималаримиздир бор...
Яхлит бир жамиятда шундай ғалати, бир-бирини инкор қилувчи симбиознинг бўлиши мумкинми? Фавқулодда пайдо бўлган бундай дихотомик назарияни тушуниш қийин эди: биз либерал жамият қурмоқчимизми ёки консерватив? Ёки бўлмаса, постсовет давлат сифатида энди совет ўтмиши хотиралари билан яшаймизми ё миллийлик сари юзланамизми, ҳозир қайси босқичдамиз, биз ўзи киммиз, минтақада, дунёда тутган мақомимиз қандай, атрофдагилар бизни ким деб атагани муҳим? Миллий давлат шакллантирамизми, миллат қуриш масаласи нима бўлади?..
Бу жавоби йўқ саволлар жамиятда ҳам, давлат сиёсатида ҳам ўша сиз айтган тушуниксиз манзара ҳукмрон эканини англатарди. Ушбу кўринишлар – иқтисодиётдаги, ички ва ташқи сиёсат, маънавий-мафкуравий ҳаёт ва одамлар турмушидаги мавҳумиятни салбий маънодаги давлат протекционизми “озиқлантириб” турарди.
Ўз қобиғига ўралиб қолиш, мамлакатни барча «таъсирлар»дан ёпиш ёки шундай деб ўйлаш, бугунги глобаллашган дунёда абсурд, албатта. Бироқ санаб ўтилган омиллар қуруқ назария ёки элитар “қарич” бўлмай, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини, унинг табиатини узоқ вақт белгилаб келгани ҳам бор гап. Сиз ишора қилаётган деколониал контексдаги кимлик, анъаналар силсиласи, ўтмиш, этник мансублик ёки миллат, миллий давлат тушунчаси ва ҳатто тарихий шахсларга нисбатан қарашларимизни ҳам ҳукмрон режим белгилаб берди. Ва қанчалик ғалати эшитилмасин, айнан шу қарашлари билан у ўзи инкор этаётган социал мафкуранинг “йўнилган” муқобилига айланди. Қизиқ парадокс: расман бизда мафкура йўқ, бироқ умуммуҳитнинг ҳар бурчида у қолдирган изларни кўриш мумкин эди... Шу ва ҳозир ҳисобга олиш назардан кўтарилган бошқа жиҳатлар одамларимиз тафаккуридаги фикрий турғунликнинг асл сабаблари сифатида бир-бирига ўрин бўшатмай келди.
Бизда ҳозир миллат, миллий давлат, миллият ҳақида гапираётганларнинг кўпчилиги романтик фикрлайдиган кишилар. Энг қалтис томони, гапираётган мавзуларимиз бизда ҳали тузук-қуруқ илмий жиҳатдан тадқиқ ҳам қилинмаган.
Масалан, глобаллашув нуқтаи назаридан, бугунги замонавий дунёда биз миллат деганда нимани тушунишимиз керак, миллий давлат бир этносга тегишли бўлиши керакми ёки турли этнослар йиғиндиси бўлган ватандошларнинг қандайдир уюшмасими? Мафкура, давлат расмий мафкураси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Бизда бу борада аниқ қарашнинг ўзи бўлмаган. Бунинг сабаби эса мустақилликда кечган чорак асрлик даврда ҳам сиёсий маданиятнинг шаклланмаганига, тўғрироғи, унга йўл берилмаганига бориб тақалади.
– Айтингчи, сиз ҳозиргина алоҳида урғу берган 2016 йилдан кейин мамлакатда, қолаверса, минтақада нима ўзгарди? Ўзингиз тилга олган Саиднинг иқтибосидаги “муте”ликдан чиқиш юз бердими? Кейин, сиз аввалги саволимнинг иккинчи қисмини эсдан чиқаргандек бўлдингиз. Яъни жамиятда ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда ажабтовур эпитет – “Янги Ўзбекистон” иборасининг пайдо бўлишига сабаб нима?
– Дарҳақиқат, бунга ҳам маънавий, ҳам сиёсий нуқтаи назардан эҳтиёж бор эди. Чунки одамлар ҳам, давлат ҳам энди бу йўсин яшаб бўлмаслигини теран англаётганди. Янги Ўзбекистон сифатловчиси эса шу йўлда сафарбарлик ёки истиқболдаги янгиланишларга даъват – ишорадек кун тартибига чиқди.
Бу борадаги мулоҳазаларимни Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида иш бошлаган даврдаги вазият билан давом эттирсам тўғри бўлади, деб ўйлайман. Чунки, асл ҳолат моҳиятни теранроқ очиб беради.
Хўш, ўша пайтдаги аҳвол қандай эди?
Очиқ айтаман, ҳавас қиларлик эмасди. Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келиши ҳам глобал, ҳам минтақавий ва маҳаллий инқирозлар замонига тўғри келди. Хусусан, АҚШ ҳарбий контингентининг Афғонистондан олиб чиқилиши, пандемия, ҳали батамом тугамаган жаҳон иқтисодий инқирози, минтақамиздаги ички ва чегараолди миллий низолар, жамиятимизда узоқ йиллар йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар...
Буларнинг барчаси худди атай кутиб тургандай, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида фаолият бошлаган паллага тўғри келди. Масалан, бундан атиги 7-8 йил олдин минтақадаги қўшнилар орасидаги муносабатлар қандай бўлганини сиз ҳам яхши биласиз. Шундай бир вақтда Афғонистондаги охири номаълум бўлган воқеалар, албатта, етарли хавотир ва ташвиш уйғотди. Бундан ташқари, минтақанинг лаҳтакларга бўлиниб кетгани Марказий Осиё даражасида якдил фикрлашни қийинлаштирди. Ўша пайтда интеграция ҳақида ўйлашдан кўра, қўшнилар ўртасида хоҳлаган пайтда чиқиши мумкин бўлган жанжални тусмоллаш ҳақиқатга яқиндек кўринар эди.
Албатта, муносабатлардаги бундай беқарорлик атрофдаги ўйинчи катта куч марказлари манфаатига мос эди. Яъни ўзаро тотувликнинг йўқлиги минтақани ночорлик ботқоғида тутиб турарди...
– Шу ерда гапингизни бўлсам. Сабаби, сиз айтаётган айни дискурс-мулоҳазани тинглаётиб, хаёлимда бир фикр уйғонди. Халқаро сиёсий адабиётларда “Евроосиё Болқонлари” деган атама тез-тез учрайди. Бу ерда гап айнан сиз яшаётган минтақа ҳақида кетаётганини билсангиз керак?!
– Ҳа, адашмасам, ушбу атамани илк бор З.Бжезинский қўллаган эди. У ўзининг машҳур асари “Буюк шахмат тахтаси”да бу ҳақда атрофлича гапирган. Гарчи ушбу тезис ўз характерига кўра, сиёсий писандадек туюлса-да, иддао асоссиз эмас эди. Биздаги вазият ҳам худди Европа Болқонларидагидек сиёсий ва этник можаролар, бир-биридан хафагарчилигу турли зиддиятларга тўла эди. Ўзбекистоннинг ён қўшниси Тожикистон ёки Қирғизистон билан ўша даврдаги муносабатларини бир эсга олинг: тожик лидери Эмомали Раҳмон деярли йигирма йил Тошкентга қадам босмаганди. Тез-тез сиёсий ўзгаришлар амалга ошиб турадиган яна бир қўшнимиз Қирғизистон билан алоқаларимиз ҳам бундан пеш эмасди.
Ҳамма билган нарсани яшириб нима қилдик? Биринчи маъмурият даврида Қирғизистоннинг аввалги барча раҳбарлари билан муносабатлар ҳеч қачон самимий бўлмаган. Худди шундай, қозоқ қардошлар билан ҳам кўздан пана зиддиятларимиз йўқ эмасди. Бу кўпроқ минтақа лидерлигига даъво қилиш – “сен зўрми”, “мен зўр” қабилидаги мутлақо зарарли “тортишув” мисолида кўриниб қоларди. Шундай кайфият ҳукмронлик қилдики, гўё бирлашиш ҳақида умид қилиш ҳам фойдасиздек кўринарди. Шавкат Мирзиёев ана шундай ижтимоий-сиёсий тушкунлик, ишончсизлик даврида Ўзбекистон раҳбари этиб сайланди.
Хўш, шундай пайтда нима қилиш керак эди?
Албатта, вазиятни тўғри баҳолаш, керак бўлса, “отдан тушиш” талаб этиларди. Шавкат Миромонович шундай қилди. Қўшнилар ўртасидаги музларни эритиш, улар билан самимий муносабатларни қайта тиклашга киришди. Шу ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2018 йилга келиб, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши иш бошлади. Гарчи тузилма ярим институционал бўлса-да, узоқ йиллик танаффус ва ўзаро тушунмовчиликлардан кейинги бир-бирини англаш, фикрни бир жойга жамлаб олиш учун ўта муҳим супа – платформа вазифасини бажарди. Давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар, иқтисодий-сиёсий алоқалар тикланди. Энг муҳими, минтақа ижтимоий-сиёсий ҳаётида юзага келган ижобий муҳит унинг яхлит бир халқаро субъект сифатида барқарор шаклланишини таъминлаб берди.
Шу ўринда мен жаноб Бзежинскийнинг башоратлари оқланмади, деб бемалол айта оламан. Ва яна айтишга ҳақлиманки, Шавкат Мирзиёев унинг тушунчасини маълум маънода “таҳрирлади”. Бугун Марказий Осиёда рақобатдан кўра, ҳамкорлик, гина кудурату адоватдан кўра, дўстлик ва қардошлик кайфияти ҳукмрон.
Даъвоим асоссиз бўлмаслиги учун оддий бир мисол келтираман. Бу йил Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларини ҳаммамиз кўрдик. Унда мамлакатимиз атлетлари юксак ғалабаларни қўлга киритди. Қизиқ ва ўз ўрнида одамни хурсанд қиладиган жиҳат шунда эдики, шоҳсупага кўтарилган спортчиларимизни қўшни давлатдаги қардошларимиз ҳам худди биздек олқишлашди. Ижтимоий тармоқлар “Яшасин қардошларимиз, Марказий Осиё – Туркистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас, биз буюк халқмиз” деган ёзишма-ю қутловларга тўлиб кетди. Албатта, бу минтақа тарихи, бугунги ҳаёти билан қизиқадиган одамлар, мутахассисларнинг эътиборидан четда қолмади. Масалан, ўша кунлари айни ҳодисага россиялик йирик олим, Ўрта Осиё мамлакатлари ижтимоий антропологи ва тадқиқотчиси Сергей Aбашин шундай муносабат билдирди: “2024 йилги Олимпиада фавқулодда муҳим воқеага айланди. Гендер ва санъат мавзулари муҳокамаси билан эмас, балки, энг аввало, Марказий Осиё мамлакатлари ва айниқса, 8 та олтин медални қўлга киритиб, 13-ўринни эгаллаган Ўзбекистон спортчиларининг кўрсатган ажойиб натижалари билан эсда қоладиган бўлди (эслатиб ўтмоқчиман, Олимпиада ютуқлари билан бир қаторда, ўзбек шахматчилари ҳам сўнгги йилларда жаҳон рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келяпти). Спорт тилида айтганда, биз Марказий Осиё давлатлари умумбашарий миқёсда танилаётган ва тан олинаётган муҳим ўйинчиларга айланиб бораётганига ва ўз субъектлигини англаб етаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу дунёда ва собиқ постсовет ҳудудида ҳақиқий тарихий силжиш бўлиб, ҳали узоқ давом этадиган ва шубҳасиз, табиий жараёндир”.
Сизга маълумот учун яна бир мисолни келтирмоқчиман. Бу қирғизистонлик мутахассислар ўтказган тадқиқот билан боғлиқ. Унга кўра, Қирғизистонда 2016 йили, яъни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келгунига қадар бўлган даврда ўтказилган ижтимоий сўровда иштирокчи-респондентлар Ўзбекистонни энг нодўст давлатлардан бири, деб ҳисоблаган бўлса, орадан атиги бир йил ўтиб, 2017 йилги сўровларда энг яқин дўст мамлакатлардан бири сифатида қайд этишган.
Яна бир статистика: агар 2016 йил охирида Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 200 миллион доллардан ошмаган бўлса, 2022 йилга келиб, ушбу кўрсаткич бир неча баробарга ўсди – қўшнилар билан 1 миллиард 300 миллион долларлик ташқи савдо амалга оширилди.
Хабарингиз бўлса керак, ўзбек ва қирғиз фуқаролари ўртасида мустақилликдан кейин бир неча бор қонли можаролар юз берди. Улар асосан сув, чегара ва этник келишмовчиликлар фонида кечганини яхши эслаймиз. Албатта, бу ўринда мен манфаатдор кучлар ва марказларнинг ҳам таъсирини истисно қилмайман. Кези келганда, бир муҳим фактга тўхталмоқчиман. Ўтган йили Қирғиз Республикаси раҳбари “Озодлик” радиосига берган интервьюсида бевосита тарихимизнинг ўша қора кунларига ишора қилгандай бўлди. Мана қаранг, у нималар деганди:
“...Энди энг асосий масалага тўхталсам. Ўзбек томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга оқаётган сувни қай усулда олишининг бизга фарқи борми? Қувур орқалими, ариқ ёки ҳаводанми – аҳамияти йўқ. Муҳими, ҳар бир ҳаракат ўзаро келишиб олиниши керак. Бундан буён қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Дўстлик ришталаримизни Худодан бошқа ҳеч ким уза олмайди. Шу боис ҳам, Яратган Эгамдан ҳамиша тинч яшашимизни сўрашимиз керак”.
Минтақа давлатлари сиёсий элиталари, қолаверса, оддий одамлар ўртасидаги бундай самимият, қатъий сиёсий ирода қаёқдан пайдо бўлди, деб ўйлайсиз?!
Фикримча, шу мухтасар мисоллар ҳам 2016 йилдан кейин минтақада нималар бўлганини кўрсатишга етади. Қолаверса, бугун Ўзбекистоннинг бирорта қўшниси билан чегара бўйича муаммоси йўқ. Ўзбекистон қўшнилари билан икки томонлама ва турли тузилмалар доирасида дўстона муносабатларни йўлга қўйган.
– Аммо бу ташкилотларнинг кўпи анъанавий – масалан, ШҲТ, МДҲ, КХШТга ўхшаш узоқ йиллик ўтмишга эга институтлар эканини ҳам ҳисобга олиш керак. Ўзбекистон бу доираларда бегона эмас эди...
– Сизни тушундим. Агар эътибор берсангиз, Ўзбекистон ўтган даврда қатъий фаолият олиб борган сиёсий-иқтисодий тузилмалар оталиғи, гарчи ошкор айтилмаса-да, асосан атрофимиздаги куч марказлари қўлида эди. Уларнинг таъсир пишанглари ҳам, мафкуравий муддаолари ҳам деярли аниқ сезилиб турарди. Янги даврга келиб эса Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат векторлари ранг-баранглашди. Ҳали сиз билан гаплашганимиз, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, “5+1” деб аталувчи форматдаги платформаларнинг пайдо бўлиши бевосита Ўзбекистондаги сиёсатнинг ўзгаргани ҳисобига юз берди, десам, ҳақ гапни айтган бўламан. Минтақа ташқи сиёсатидаги айни янгиланишлар Марказий Осиё даражасида умумий фикрлаш тажрибасининг пайдо бўлишига олиб келди.
Бугун сиёсатчилар ва ҳатто давлатларимиз раҳбарлари нутқларида тез-тез учраётган минтақавий “ким”лик (идентитет) тушунчасининг кун тартибига келиши, ўйлайманки, тарихий ҳодисадир. Моҳиятан бу концепт ўтган асрнинг 20-йилларида жадид боболаримиз иродаси билан дунёга келган, аммо тез залолатга учраган Туркистон ғоясининг мажозий инъикосидир...
Бундан ташқари, 2019 йили Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти(ТДТ)га аъзо бўлиши ҳам минтақа, қолаверса, ташкилот кун тартибини ўзгартирди, мақомини юксалтирди. Жойи келди, шу ўринда айтишим керак, Ўзбекистон бир асрлик тарихида илк бор ўзининг туркий этносга мансублигини расман эълон қилди. Бу мисол ҳам сиз айтган ўша, давлатнинг, жамиятнинг «ким»сизлиги ҳақидаги саволингизга жавоб бўлиши мумкин.
– Тўғри, минтақанинг векторлар масаласидаги сиз санаб ўтган деярли барча қадамлар қўшни давлатлар ўртасидаги илиқликни таъминлашга, қолаверса, интеграцион кайфиятни қатъийлаштиришга хизмат қилади. Аммо бу ерда истисноли ҳолатлар ҳам бор. Масалан, сиз минтақавий ёки туркистонча “ким”ликка илҳомлантирувчи, деб атаётган ТДТда Марказий Осиёдаги бешинчи бир давлат – форсий тилли Тожикистон иштирок этмайди...
– Жуда ўринли масалани кўтардингиз. Дарҳақиқат, бугунгача шундай. Бунга нима сабаблигини ҳам биламиз. Албатта, умумий тарих, маданият бу йўналишда муҳим пойдевор эканидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин аъзолар яхши англашяптики, бугунги глобал дунёда фаолият истиқболини этник асослар ёки жўн бир миллатчилик атрофига қуриб бўлмайди.
Энди туркий интеграциянинг харитадаги жойлашувига назар солсак, туркий дунё ва туркий мамлакатлар Евроосиёнинг ўрта зонасида жойлашганини кўрамиз. Аждодларимиз бутун тарих мобайнида халқлар ва мамлакатларни бир-бири билан боғлашдек миссияни бажариб келган. Буюк ипак йўли минтақа орқали ўтган, бу ерда пайдо бўлган давлатлар, империялар Ғарбий Европа билан Хитойни, Шимол билан Жанубни ўзаро бирлаштириб турган. Ҳеч шубҳасиз, ушбу меросга Тожикистон ҳам бевосита дахлдордир.
Тожикистон тил жиҳатдан форсий бўлгани билан, умумий тарих ва маданият нуқтаи назаридан минтақа халқларининг ажралмас бўлагидир. Қолаверса, улар нафақат тарих, балки маданий-маърифий мозаика, қадриятлар силсиласи жиҳатдан ҳам (жумладан, диний мотивлар нуқтаи назаридан) форс тилли Эронга эмас, бизга яқин. Ва яна агар аъзолик фақат тилга асосланадиган бўлса, бугун ташкилотнинг фаол кузатувчиси венгерлар тили ҳам туркий эмас, фин-угор тиллари оиласига мансублигини ҳисобга олиш керак бўлади. Хуллас, менда қандайдир собит ишонч борки, Тожикистон ушбу ташкилотга (ҳеч бўлмаганда, кузатувчи мақомида) таклиф этилса, айни контекстдаги якдиллик масаласи бус-бутун бўларди. Албатта, бу менинг шахсий фикрим.
– Шундоққина жанубий биқинларингиздаги Афғонистончи, у ҳам жуғрофий жойлашувига, этник ва маданий компонентларига кўра бунга ҳақли эмасми?
– Тўғри, бугунги геосиёсий ўлчамларга кўра, Афғонистон минтақанинг бир қисми. Жуғрофий мансубликдан бўлак, бу ерда катта нуфусли туркий халқлар ҳам яшайди. Қолаверса, ушбу мамлакатнинг маълум бир қисми (бугунги Афғонистоннинг Шимоли) тарихда Жанубий Туркистон деб ҳам аталган. Шу нуқтаи назардан ва қолаверса, минтақанинг кўп векторли ташқи сиёсатини белгилаш учун ҳам жанубдаги бу қўшни давлат жуда муҳим, деб ўйлайман. Негаки, ушбу давлат ҳудудини кесиб ўтадиган йўл бизни глобал денгиз бандаргоҳларига олиб чиқади.
Назаримда, минтақа масаласида керагича гапирдим. Энди рухсат берсангиз, бевосита мамлакатимиз – Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-мафкуравий ҳаётида юз берган эврилишларга тўхталсак. Зотан, айни ўзгаришлар сиз менга қайта-қайта эслатаётган “Янги” сифатловчисининг моҳиятини янада теранроқ очиб беради.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2016 йилдан кейин Ўзбекистоннинг сиёсий лисони – тили ўзгарди. Бу суҳбат бошида айтганим – ўзликни таниш, кенг маънодаги идентитет-кимликни “қидириш”дан бошланди, назаримда. Бир ўйлаб кўринг, давлатнинг расмий тарзда ўзини ифода этадиган, эгаменлигини тасдиқлайдиган барча рамзлари – байроқ, герб, мадҳия, пул, армия, чегаралари бор, аммо уларга қўшимча яна қандайдир нотугаллик ҳам бордай эди. Тасаввур қилинг, ҳамма нарса бор, лекин булар ҳеч нарсани ўзгартирмагандай таассурот уйғонади... Бизда худди шундай эди. Ва бу тушкун кайфият, моҳиятига кўра, бизни Саид назарияси (Ориентализм)га яқинлаштириб турарди. Ҳа, англаётганингиздай, Ўзбекистоннинг давлат сифатида миллий “ким”лигидан бўлак ҳамма нарсаси бор эди. Унинг қалби – ўзлиги йўқ эди. У бир асрдан ортиқ вақт нари “суғуриб” олинган қалбини қидираётган, унингсиз ўзини нотугал ва норасо сезаётган эди. Мен гўзал шоиримиз, улуғ жадид, Сталин қатағони қурбони Абдурауф Фитратнинг бир замонлар “Эй, улуғ Турон, арслонлар ўлкаси, сенга не бўлди?..” дея ўтли нидо берганини бугун яхши тушунаман: у қалбсиз қолган Ватанининг, Миллатининг пойида ҳаммасини тушуниб, юракдан англаб фарёд қилган экан... Ўзлиги, кимлиги, кенг маънода айтганда, қалби суғуриб олинган миллат қарам ёки хослар даврасидаги “ўзга” бўладими, йўқми?! Мен сўзим аввалида Саид ва унинг назарияси – “Ориентализм” ҳақида шунинг учун гапирган эдим.
Шахсий қарашларимга кўра, Шавкат Мирзиёев буни аввалдан теран англаган. Негаки, у раҳбарликка келибоқ мустақилликнинг деярли 26 йили давомида гапирилмаган, ҳатто, баъзан тақиқланган мавзуларни ўртага олиб чиқди.
Туркий халқларнинг бобокалони Билга Хоқон битикларидан сиёсий матнларга иқтибослар олинди, минбарлардан гапирилди. Энг ҳайратланарлиси, бизнинг мафкуравий байрамимиз бўлмиш Мустақиллик тантаналарида ёзилганидан буён табу урилган “Гўзал Туркистон” шеъри қўшиқ қилиб айтилди. Фитрат жуда кўп тилга олинди. Мустабидлик даврида қатағон қилинган юзлаб миллат ойдинлари, жумладан, шу пайтгача бизга “босмачи” деб ўргатиб келинган миллий ҳаракат аъзолари Олий суд томонидан оқланди. Тошкентда жадидлар илмий меросига бағишланган халқаро конференция ташкиллаштирилди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ минбаридан туриб, ўзбек тилида нутқ қилди... Мамлакатда диний, сиёсий ва сўз эркинлигига йўл берилди. “Қора рўйхат”лар, энг асосийси, Ўзбекистонни дунёга мустақилликдан кейин ҳам эски замонлардагидек кўрсатиб турадиган пахта яккаҳокимлиги, мажбурий, айниқса, болалар меҳнатидан воз кечилди. Бутун дунёга овоза бўлган, сиёсий ва диний маҳбуслар сақланадиган Қорақалпоғистоннинг “Борса келмас”идаги “Жаслиқ” ҳибсхонаси ёпилди...
Ва бу санаганларим ҳақли маънода бугунги Ўзбекистонни кечагисидан фарқлашга хизмат қилди. Қолаверса, академик нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, жуда сокин ва ортиқча шов-шувларсиз амалга оширилган айни ҳаракатларни давлат ва жамиятнинг миллий ўзликка бўлган интилиши, колониал ва неоколониал босимлардан қочиш, деб шарҳласак, тўғри бўлади.
Мен Шавкат Мирзиёев даврида жамиятни янгилаш, совет тутумларидан воз кечиш жараёнларини жадаллаштириш борасида кенг кўламли ишлар қилинди, дея оламан. Келинг, сизга ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган яна бир мисолни келтираман.
Совет замонида барча иттифоқдош республикалар пойтахтлари қатори Тошкент марказида ҳам “Бош майдон” бор эди. “Ленин майдони”, деб аталмиш ушбу гўшада қизил доҳийнинг муҳташам супага ўрнатилган баланд ҳайкали қад ростлаб турарди. Мустақилликдан кейин пролетариат отасининг бронзадан қуйилган сиймоси “йиқитилди”. Майдон эса деярли шундай қолди. Фақат Ленин жой бўшатган ўша супада энди ер шарининг макети пайдо бўлди. Глобус марказига билинар-билинмас тортилган ҳошия ичига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилди ва жой номидан Ленин олиниб, мустақиллик сўзи қўшиб қўйилди. Шундай қилиб, бу жой “Мустақиллик майдони”га айланди. Англашилишича, озодлигимизнинг мазмуни шу эди, холос...
Янги Ўзбекистонда ушбу масалага жиддийроқ ёндашилди. Яъни айни гўша инкор қилинмаган ҳолда, пойтахт биқинида “Янги Ўзбекистон” боғи бунёд этилди.
Ўрни келганда айтай, баъзилар “бизда Мустақиллик майдони бор эди, яна битта шундай мажмуа бўладими?” деган чалкаш тасаввурга борди. Аммо бу хато фикр эди. Айниқса, ғоявий нуқтаи назардан.
Мустақиллик майдони, ҳали айтганимдай, собиқ Ленин майдони ўрнида пайдо бўлганди. Ҳатто унинг бадиий ландшафтида – ифода услубида ҳам кескин миллийлаштирилган ва марказлашган тугал мафкура йўқ эди. Қолаверса, у мундарижа нуқтаи назаридан ниҳоятда чегараланганди. Аввалига ўша эски супа марказига Ўзбекистон сўзи ёзилган ер шарининг нусхаси ўрнатилди. Бу моҳиятан дунёда шундай бир янги давлат пайдо бўлганини англатарди. Қолаверса, камтарона ва сезиларли ҳадик аралаш бизнинг озодлигимизни англатишга йўналтирилгандек эди, назаримда. Лекин минглаб йиллик тарихга эга буюк миллатимиз фақат қарамликда яшаган эмас, балки унинг юқорида айтганимиздек, дунё халқлари ҳавас қиладиган шонли ўтмиши, ўлмас қаҳрамонлари, улар кўрсатган мислсиз жасоратлар, буюк ва бетимсол маданияти бор.
Шавкат Миромонович мазкур боғни барпо этишни ўйлар экан, айни шу мотивни назарда тутганди. Бугун дунёнинг турли бурчидан келган меҳмонлар, сайёҳлар, сиёсатчи-ю давлат раҳбарлари бориб кўрадиган Бош майдонимизда акс эттирилган тарих нафақат мамлакатимиз, балки минтақамизнинг умумий ўтмиши, маданиятини ҳам қамрайди, десам, адашмаган бўламан.
Аслини олганда, минтақада умумий кимлик-идентитетни аниқлаш, ушбу мамлакатларда яшаётган одамлар ўзига қандай таъриф бераётгани ва кимлигини нималарга асосланиб айтаётгани жуда муҳим.
Шу маънода айтганда, бугун нафақат иқтисодий-сиёсий, балки маданий-гуманитар соҳаларда кечаётган яқинлашув минг йиллардан буён қўшни яшаб келаётган халқларнинг бир-бирини тушуниши, баҳамжиҳат, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишида муҳим роль ўйнайди. Айниқса, “Янги Ўзбекистон боғи” каби глобал лойиҳалар ўз самимияти ва ҳаққонийлиги, минтақа халқлари эътиборини бир нуқтага жамлаши билан ниҳоятда аҳамиятли бўлиши мумкин. Бундай йирик ғоялар биз учун бугун ниҳоятда зарур.
Ўйлайманки, саволларингизнинг ҳеч бири кўздан панада қолмади.
– Раҳмат! Яна бир саволим бор. Ҳамма кўриб турибдики, бугун Марказий Осиё атрофидаги геосиёсий вазият ўзгармоқда. Бу минтақада янги акторлар пайдо бўлаётганини ҳам англатади. Табиийки, бу ҳолат икки локомотив давлат – Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ички ҳамда ташқи сиёсатида маълум ўнғайсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, қайсидир куч иқтисодий манфаатини кўзлаб босим қилса, бошқа бири мафкуравий-сиёсий нуқтаи назардан бу давлатларни геосиёсий объект мақомида ушлаб туришга уринади. Айтингчи, Ўзбекистонга шундай босимлар бўлса, амалдаги ҳукумат – Президент Мирзиёев қайси глобал куч томонида бўлиши мумкин?
– Жуда қизиқ, Президентимиз худди шу йўсинда саволлар бўлишини билгандек, жойлардаги маърузаларида бу ҳақда аниқ ва лўнда тўхталган. Масалан, 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида Шавкат Миромонович шундай деган эди:
“Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз”.
Худди ўша йили Сурхондарё вилоятидаги учрашувда сўзлаган нутқида эса сиз сўраган саволнинг айнан ўзига жавоб берган экан. Мана, давлатимиз раҳбари бу ҳақда нималар деган:
“Ҳозир катта-катта давлатлар: “Ўзбекистон, сен ким тарафда. Бўлди энди, нейтрал бўлиб юришинг бўлди, ё у томонга ўтгин, ё бу томонга ўтгин”, дея қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, шунга даъват қиляпти. “Ўрта Осиёда Ўзбекистон бизга керак, 36 миллион бўлди, 3-4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким тарафсан?” деяпти. Қаранг, шундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак? Жавоб битта: бир томонман, миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман”.
Сиз берган саволга бундан ҳам аниқ ва лўнда жавоб бериш мумкинми?!
– Раҳмат. Тўғриси, суҳбатимиздан катта завқ олдим. Мен қизиққан мамлакат ҳақида, унинг кечаги ва бугунги ҳаёти ҳамда тарихи ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим. Айниқса, менга “Йўқотилган қалб” ҳақидаги изоҳингиз жуда ёқди. Дарҳақиқат, қалбнинг йўқолиши маънавий қарамлик, қулликнинг айнан ўзи эканини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Эшитганларимдан шундай хулоса чиқардимки, бугун Ўзбекистон ўз идентиклигини, ўз “мен”ини ёки сизнинг сўзингиз билан айтганда, ўз “қалб”ини топган. Ўйлайманки, сизнинг фикрларингизни тўғри тушундим.
– Ҳа, мутлақо тўғри! Сизга яна бир бор катта раҳмат!