Ўзбекистон ва Малайзия: олий таълим, илм фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик янги қирраларини намоён этмоқда
Отабек Маҳкамов. Ўзбекистон Республикаси
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари
Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида изчил ва самарали ҳамкорликни ривожлантириб, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўймоқда. Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари ва учрашувлари бу жараёнга кучли туртки бўлиб, таълим ва илмий ҳамкорликнинг янги йўналишларини очмоқда.
2025 йил февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга олий даражадаги ташрифи доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим келишувлар имзоланиши режалаштирилмоқда. Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, шунингдек, инновацион технологиялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга туртки бўлиши кутилмоқда.
Глобаллашув жараёнлари жадаллашаётган ҳозирги даврда олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, олий таълим тизимидаги интеграция Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида илгари сурилмоқда. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожланиб, янги босқичга кўтарилди. Бу ҳамкорлик икки мамлакат таълим тизимини модернизация қилиш ва халқаро майдонда интеграциялашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг институционал асоси Малайзиянинг етакчи университетлари билан ўрнатилган тўғридан-тўғри алоқаларга таянади. Хусусан, Малайзия Бош вазири А.Бадавий томонидан 2008 йил 16-17 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширилган расмий ташриф давомида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми” имзоланган бўлиб, у бугунги кунда икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Малайзия университетлари билан ҳамкорлик, илмий алоқаларни ривожлантириш ва талабаларга халқаро билимлар олиш имконини тақдим этмоқда. Малайзия университетлари халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллайди. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда университетлараро даражада жадал ривожланмоқда. Ушбу муассасалар билан ҳамкорлик Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш ва университетлар ўртасида академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш имконини берди. Ҳозирда Ўзбекистон ва Малайзия олийгоҳлари ўртасида 94 та битим, шартнома ва келишувлар амал қилмоқда. Бу ҳамкорлик фан ва таълим соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг стратегик манфаатларига хизмат қилмоқда. Малайзиянинг инновацион таълим методлари ва халқаро тажрибаси ўзбекистонлик талабалар ва ўқитувчилар учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатдаги таълим сифати ва илмий салоҳиятни оширишга ҳисса қўшади. Шу боис Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг 195 нафар профессор-ўқитувчилари Малайзия олий таълим ташкилотларида малака ошириш учун юборилди. Ўз навбатида, Малайзия ҳамкор олийгоҳлари ва таълим ташкилотларининг 230 нафар профессор-ўқитувчилари ўқув жараёнига жалб этилган. Малайзиянинг техникавий ҳамкорлик дастури (МТСP) доирасида 2016 йилдан буён Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг 200 нафардан зиёд (2024 йилда 15 нафар) профессор-ўқитувчилари тажриба алмашиш, стажировка ўташ, турли соҳалардаги ўқув курсларида иштирок этиш мақсадида Малайзияда бўлди.
Ўзбекистонлик талабалар учун Малайзия олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари кенгайди. Айниқса, муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт ва менежмент соҳаларидаги таълим дастурлари талабалар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундан ташқари, Малайзиянинг Ўзбекистондаги таълим форумлари ва кўргазмалари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг 500 нафарга яқин фуқаролари Малайзия олий таълим муассасаларининг турли йўналишларида таҳсил олмоқда. Малайзия университетлари томонидан Ўзбекистон талабалари учун ажратилаётган грантлар ва стипендиялар ҳам таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Ушбу грантлар орқали кўплаб ўзбекистонлик ёшлар хорижий тажрибани ўрганиш ва келажакда ўз мамлакатларида замонавий билимларни қўллаш имконига эга бўлмоқда.
Эътиборга лойиқ томони шундаки, малайзиялик талабаларда ҳам йил сайин Ўзбекистонда таълим олиш истаги шаклланиб бормоқда. Ҳозирги кунда "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида 7 нафар, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2 нафар, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 3 нафар, жами 12 нафар Малайзия фуқаролари “Археология”, “Менежмент”, “Музейшунослик”, “Туризм” йўналишларида таҳсил олмоқда, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик доирасида қўшма тадқиқотлар ва илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистондаги таълим тизими сифати хорижий давлатларда ҳам эътироф этилаётганинга ишора қилади.
Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида кўплаб қўшма таълим дастурлари ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Талабалар алмашинуви дастурлари ва қўшма магистратура ҳамда докторантура дастурлари қўлланилмоқда. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университети, Бухоро давлат университети ҳамда Малайзия миллий университети, Малайзия Технология университети, Султон Идрис педагогика университети, Малайзия Путра университети, "Petronas" технология университети, Малайзия менежмент университети каби нуфузли олий таълим муассасалари ўрталарида академик алмашув ва илмий тадқиқотлар соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, "Petronas" технология университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик натижасида 2023 йилда 6 нафар ўзбекистонлик ўқитувчиларга "фахрий профессор" унвони берилди. Бухоро табиий ресурсларини бошқариш институти ва ИНТИ университети ҳамкорлигида "Моделлаштириш ва прототиплаштириш" маркази ташкил этилди.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурлари ҳамда дуал таълим тизими жорий этилмоқда. Қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилади. Бу борада муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт ва менежмент соҳаларида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Малайзиянинг МАРА университети "Халқаро туризм" ва "Инсон ресурсларини бошқариш" йўналишларида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиққан. Айниқса, Малайзиянинг Линкольн коллеж университети билан республиканинг бир нечта олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик бу жараённинг муҳим натижалари сифатида намоён бўлмоқда.
Жумладан, Бухоро муҳандислик-технология институти ва Линкольн коллеж университети ўртасида ташкил этилган қўшма таълим дастури доирасида “Менежмент” йўналиши ва мутахассислиги бўйича талабалар 2+2 ҳамда 1+1 тизими асосида ўқишни давом эттирмоқда. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ва Линкольн университети ўртасида “Рақамли иқтисодиёт” йўналиши бўйича қўшма таълим дастури ташкил этилган. Нукус давлат педагогика институти ҳамда Қорақалпоқ давлат университети каби таълим муассасаларида ҳам қўшма дастурлар доирасидаги фаолият жадал ривожланмоқда.
Бугунги кун республикамизнинг 4 та олий таълим муассасаси Малайзия университетлари билан ҳамкорликда 5 та бакалавриат таълим йўналиши ва 3 та магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурларини амалга оширмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар таълим туризмини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Юқорида зикр этилган муассасаларда туризм, филология, мактабгача таълим йўналишларида талабалар халқаро даражада замонавий билимларни ўзлаштириб, Янги Ўзбекистоннинг истиқболли мутахассислари сифатида шаклланиб бормоқда.
Қўшма таълим дастурлари нафақат Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки икки мамлакат ёшлари ўртасида маданий ва ижтимоий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Истиқболда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дуал таълим дастурларини ривожлантириш икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу тизим талабаларга назарий таълим ва амалиётни уйғунлаштириш имконини беради. Дуал таълим орқали талабалар нафақат замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлади, балки соҳадаги тажрибага ҳам эришади. Бу эса уларнинг келгусида иш билан таъминланиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида олий муҳандислик мактабларини ташкил этиш истиқболли йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Олий муҳандислик мактабларининг асосий вазифалари замонавий талабларга мос равишда белгиланган. Улар, аввало, талабаларга танланган йўналиш бўйича чуқур ва замонавий билим бериш, илмий-тадқиқот, таҳлилий, ижодий ҳамда мулоқот қобилиятларини ривожлантиришни ўз ичига олган. Бу мақсадда таълим жараёнлари “4+1” шаклида ташкил этилиб, бакалавриат, магистратура ва докторантура даражаларини ўз ичига олган комплекс тайёргарлик дастурлари жорий этилади.
Шунингдек, муҳандис-техник кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурлари йўлга қўйилади. Ҳамкор корхоналарнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, юқори технологиялар ва кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қодир, жамоавий ишлай оладиган “муҳандис-тадқиқотчи” малакасига эга кадрларни тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланади. Таълим жараёнларига етакчи маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинади. Ўқитишнинг замонавий усуллари, жумладан, лойиҳавий таълим, муаммоли ўқитиш технологиялари ва амалий тадқиқотлардан фойдаланиш режалаштирилган. Шунингдек, саноат муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш, амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш ва инновацион лойиҳалар устида ишлаш мақсад қилиб олинади.
Таълим стандартлари соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Малайзиянинг таълим сифатини таъминлаш тажрибаси ҳам чуқур ўрганилмоқда. Ўқув дастурлари ва услубий материаллар алмашинуви амалга оширилиб, Малайзия олий таълим стандартлари Ўзбекистон олий таълим тизимига босқичма-босқич мослаштирилмоқда. Мазкур жараёнда инновацион таълим технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, икки давлат ўртасида илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга молик. Қўшма илмий лойиҳалар, конференциялар ва семинарлар мунтазам равишда ўтказилиб, илмий нашрларда ҳаммуаллифлик амалиёти ривожланмоқда. Малайзиянинг инновацион экотизим яратиш борасидаги тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш орқали стартаплар, технопарклар ҳамда инновацион кластерларни ривожлантиришга йўналтирилган ҳамкорликлар фаол давом этмоқда. Хусусан, Малайзиянинг Фан, технология ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда, 2025 йилда 10 та устувор йўналишда амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар танловларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Малайзиянинг MRANTI маркази ва Тошкентдаги INNO технопарк ўртасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг инновацион ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳамкорлик замонавий технологияларни иқтисодиётга интеграция қилиш, инновацион ғояларни ривожлантириш ва халқаро бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар яратишга қаратилган. MRANTI ва INNO технопарк ўртасидаги қўшма лойиҳалар тадқиқот инфратузилмасини яхшилаш, замонавий технологиялар ва робототехника, рақамли технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотларни амалга оширишга қаратилган. Бу ҳамкорлик Ўзбекистонда кўплаб стартап лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига ва Малайзиянинг технологияларини янги бозорларга муваффақиятли интеграция қилишга ёрдам бермоқда. MRANTI ва INNO технопаркнинг биргаликдаги фаолияти икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга ва халқаро инновацион платформа яратишга хизмат қилмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат Ўзбекистон ва Малайзия учун, балки минтақавий ва глобал ривожланиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ва Малайзия ҳамкорлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва углерод изини камайтиришга қаратилган тадқиқотлар олиб борилиши кутилмоқда. Бу каби лойиҳалар доирасида қўшма илмий лабораторияларни ташкил этиш, олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзия олимлари ўртасида тажриба алмашинуви ва стажировкалар ташкил этилиб, илм-фан ютуқларини ўзаро бўлишиш жараёнлари йўлга қўйилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон миллий университетида ўтказилган “Малайзия ва Ўзбекистон: олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги семинар икки давлат университетлари ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва талабалар алмашинувини ривожлантириш бўйича янги истиқболларни белгилашда муҳим ўрин тутди.
Малайзияда инновацион соҳага эътибор тобора кучайиб бормоқда ва бу борада сезиларли ютуқларга эришилмоқда ҳамда инновацион салоҳиятни оширишга йўналтирилган изчил сиёсат олиб борилмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон Эрон тажрибасидан фойдаланиб, мамлакатда инновацион соҳани ривожлантиришнинг амалий йўлларини ишлаб чиқишга кўмак бериши мумкин. Зеро мазкур йўналишлардаги яқин ҳамкорлик ўзаро манфаатли бўлади.
Малайзиянинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан олиб борилаётган ҳамкорлик Ўзбекистонда олий таълим ва илмий тадқиқотларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Академик алмашинув ва қўшма таълим дастурлари орқали ҳар икки давлат талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун янги билимлар ва тажриба алмашиш имкониятлари яратилмоқда. Шу билан бирга, инновацион лойиҳалар ва технопаркларнинг ҳамкорлиги мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки бўлиб, глобал миқёсдаги тараққиётга янги имкониятлар очмоқда. Келгусида ҳам ушбу ҳамкорлик икки давлатнинг фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги алоқаларини янада чуқурлаштириб, илмий-ижодий салоҳиятни оширишга хизмат қилади.
Истиқболда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, қўшма онлайн курслар яратиш, виртуал ўқув платформаларини ишга тушириш ва замонавий тадқиқот марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, талабаларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳам режалардан биридир.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги марраларга эришмоқда. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат таълим соҳасидаги алоқаларни, балки умумий маданий ва илмий муносабатларни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, келажак авлод учун янада кенг имкониятлар яратади ва икки давлатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширади.