Ўзбекистон – 2030: Янги давлат дастурининг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти
Мамлакатимизда 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасидан ўтказилиб, яқинда расман қабул қилинди. Ушбу муҳокамалар парламентнинг иккала палатасида, сиёсий партиялар, меҳнат жамоалари, ёшлар орасида ва маҳаллаларда фаол ўтказилди. Жараёнлар кенг жамоатчиликка очиқ тарзда етказилиб, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилди.
Бундай очиқ муҳокамалар аҳолининг сиёсий жараёнларга бўлган қизиқишини ошириб, уларнинг фаол иштирокини таъминлади. Давлат дастурида назарда тутилган муҳим ташаббуслар ҳақида хабардорликни ошириш ва фуқароларнинг қимматли таклифларини олиш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Натижада, аҳоли ва экспертларнинг 100 га яқин концептуал ҳамда мингдан ортиқ таҳририй таклифлари қабул қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, муҳокамаларда нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият ва хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ҳам фаол иштирок этди. Улар томонидан билдирилган таклифлар дастурни такомиллаштиришда инобатга олинди.
Ҳаёт сифатини ошириш – асосий мақсад
Давлат дастури доирасида аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу йўналишда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади: Яшил ҳудудларни кенгайтириш: шаҳар ва маҳаллаларда кўчалар бўйлаб дарахт экиш, яшил зоналар ташкил этиш. Транспорт инфратузилмасини яхшилаш: пиёдалар ва велосипед йўлакларини яратиш, экологик тоза жамоат транспортини ривожлантириш. Сув тежамкорлиги: ёмғир ва оқова сувларни қайта ишлаш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.
Яшил иқтисодиёт ва қайта тикланувчи энергия манбалари
Яшил иқтисодиётни ривожлантириш доирасида қуёш ва шамол энергия манбаларидан самарали фойдаланиш йўналишида ҳудудларда 74172 та қуёш панеллари ўрнатилиб, 785 МВт қўшимча қувват яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, қуввати 225 МВт бўлган гидроэектр станцияларини барпо этиш белгиланган. Бу чора-тадбирлар орқали қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Иқтисодиёт ва инвестиция муҳити
Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш мақсадида экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 2025 йилда иқтисодий ўсиш камида 6 фоиз, саноат 6 фоиз, бозор хизматлари 14,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга га ўсиши режалаштирилган. Экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар учун “корхонабай” ишлаш тизими жорий этилиб, уларнинг маҳсулотларини халқаро бозорга чиқаришда қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотлар давом этади
Давлат дастури таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳам қамраб олган. Мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида олис ва чекка ҳудударда мобиль гуруҳлар ташкил этилади. Бунда махсус жиҳозланган автобуслар ажратилиб, болалар ўйин майдончалари ташкил этилади. Уйда таълим олаётган ўқувчилар учун қулайликлар яатиш мақсадида болалар учун мбиль қурилмаларда ишлайдиган махсус платформа яратилади, платформа электрон ва видео дарсликлар турли ёшдаги ўқувчилар эҳтиёжларига мослаштирилади ва “Ойлайн менторлик” тизими жорий қилинади, бу эса ўқувчиларга педагогик ёрдам олиш имкониятини беради.
Педагогларни рағбатлантириш мақсадида ўзбек тили ва адабиёти сертификатига эга бўлган ўқитувчилар ойлик маошига 50% фоиз устама тўланади, мактабларга 500 нафар хорижий мутахассис жалб қилинади. Шунингдек ҳар бир туманда (шаҳарда) инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган мактаблар ташкил этилади. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 3,5 минг камбағал оила фарзандлари олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинади.
Соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш доирасида тиббий муассасалар замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, марказлашган лабораториялар ташкил этилади. Шунингдек, шифохоналарда рақамли навбат тизими жорий қилиниб, тиббий хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги оширилади.
Камбағалликни қисқартириш мақсадида янги касб-ҳунар марказлари ташкил этилиб, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга ўқитиш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, инвестиция лойиҳалари орқали янги иш ўринларияратилиб, аҳоли даромадлари оширилади.
Яшил иқтисодиёт ва экологик ташаббуслар
Яшил иқтисодиётни ривожлантириш доирасида аҳоли уйларида энергия тежамкор ускуналар ўрнатиш учун махсус субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Орол денгизи тубида 100 000 гектар “яшил майдон”барпо этилиши режалаштирилган, бу эса экологик муҳитни яхшилашга катта ҳисса қўшади. Шунингдек, 9452 маҳаллада 32 миллиондан ортиқ кўчатлар экилади, 5,8 миллион хонадон ва 103 778 минг ички кўчаларда 388 миллион дона гул ва қадамчалар ўтқазилади.
Эътиборлиси, 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, аҳоли фаровонлигини ошириш ва экологик муҳитни яхшилашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу ташаббуслар нафақат ҳозирги, балки келажак авлод учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади. Шу боис, ҳар биримизнинг мазкур ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқ. Бу билан юртимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшган бўламиз.
Элдор Туляков,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори