Марказий ва Жанубий Осиё: унутилган боғлиқликни тиклаш сари қадамлар
Маълумки, 2025 йил 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусига бағишланган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Ушбу учрашувда дунё сиёсатининг диққат марказига айланиб бораётган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсий идора вакиллари билан бирга БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари, МДҲ, ШҲТ, OHICHK ҳамда соҳалар бўйича етук мутахассислар ҳамда экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Марказий ва Жанубий Осиё азалдан ишончли савдо йўллари орқали боғланган, Яқин Шарқ, Европа ва Хитой мамлакатлари учун кўприк вазифасини ўтаган. Ушбу ҳудуддаги халқлар тарихий ва цивилизациявий умумийликка эга бўлиб, ўтмишда улар умумий давлат тузилмалари, шунингдек, ягона сиёсий, иқтисодий ва гуманитар макон бўлиб келган. Икки минтақа ўртасидаги алоқалар кўп асрлар давомида кўплаб миграция оқимлари, жадал савдо алмашинувлари, илмий ғояларнинг тез тарқалиши ва маданий ўзаро таъсир билан мустаҳкамланган.
Ҳудудларда зардуштийлик, ҳиндуийлик, буддавийлик ва ислом динларининг тарқалиши, ўзига хос халқ урф-одатлари туфайли ўзига хос этномаданий бирликлар шаклланиб, инсоният тарихида чуқур из қолдирган.
Ушбу ҳудудда яшаган ҳалқларнинг ўтмишда Бақтрия ва Кушон подшолиги, Турк хоқонлиги, Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазнавийлар, Темурийлар, Бобурийлар каби умумий давлатлар таркибида яшаганлиги тарихий, маданий ва сиёсий жиҳатдан ривожланишига улкан таъсир кўрсатган. Умумий урф-одатлар, анъаналар, аҳолининг турмуш тарзи, байрамлар шаклланиб, форс, турк ва араб тилидаги маънавий бойликлар яратилган. Бухоро, Самарқанд, Термиз, Балх, Хирот, Ғазна, Агра, Деҳли каби ўрта аср шаҳарлари илм-фаннинг умумий марказлари бўлган.
Мустамлакачи давлатларнинг ўзаро рақобати Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг узоқ йиллар давомида шаклланган анъанавий алоқалари, савдо, маданият алмашинувига салбий тасир кўрсатди. Жанубий Осиёда савдо-иқтисодий алоқалар ўзгарди, маҳаллий таъминот занжирлари, йирик саноат ва иқтисодиёт тармоқлари минтақавий бўлмаган таъминотга боғлиқ бўлиб қолди. Мазкур воқеалар Жанубий ва Марказий Осиё анъанавий маданий алоқаларини заифлаштирди.
Бугунги кунга келиб эса минтақадаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётган мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш мамлакатларининг ижтимоий, маданий ва иқтисодий ривожи учун муҳим омиллардан биридир. Шу сабабли уларнинг бир-бирлари билан тарихий яқин алоқаларини қайта йўлга қўйишнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти ташкил этилмоқда.
Мулоқот учун танланган жой бу шаҳарнинг геостратегик жойлашуви, Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида, яъни минтақалараро ўзаро боғлиқликнинг йўллари кесишган нуқтада жойлашганлиги билан боғлиқ. Хусусан, Термиз азалдан савдо, иқтисодиёт, ҳунармандчиликнинг жозибадор маркази, Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан минтақалари ўртасидаги боғловчи нуқта бўлиб келган. Шу сабабдан шаҳарни геосиёсий нуқтаи назардан Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи “табиий кўприк”, тарихий жойлашуви ва маданий мероси орқали минтақа халқларини яқинлаштириш учун энг мақбул маскан, деб ҳисоблаш ўринлидир.
Ҳозирги кунда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари глобал аҳамиятга эга ҳудуд бўлиб, аҳолиси 2 миллиарддан ортиқ ва улкан таълим салоҳиятига ега. Минтақада демографик ўсиш юқори, аҳолининг катта қисми ёшлардан иборат бўлиб, интеллектуал салоҳиятни рўёбга чиқариш учун улкан имкониятлар мавжуд. Жаубий Осиё давлатларининг аҳолиси 2 млрд атрофида бўлса, Марказий Осиё давлатларининг умумий аҳолиси тахминан 82 миллион кишини ташкил этмоқда ва уларда аҳоли йил сайин ўсиб бормоқда. Мамлакатлар саводхонлик даражаси бўйича номутоносибликни кўриш мумкин. Масалан, Марказий Осиёдаги жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторида, катталар ўртасида ўртача саводхонлик 99 фоизни ташкил этиши билан изоҳланса, Жанубий Осиёда саводхонлик даражаси ўртача 74 фоизни ташкил этади.
Таълим сифатининг нотенглиги, мактабгача ва олий таълимга етарли қамровнинг мавжуд эмаслиги, айниқса, қиз болалар ва чекка ҳудудлардаги аҳоли ўртасида таълим имкониятларининг камлиги долзарб муаммолардан саналади. Жанубий Осиёда ёшлар ишсизлиги юқори даражада сақланиб турибди, айрим давлатларда бу кўрсаткич 40 фоиздан ошиб кетган. Шу билан бирга, аёллар иш билан бандлиги кўрсаткичи ҳам жаҳон бўйича энг паст даражалардан биридир. Бундан ташқари, таълим тизимларининг инфратузилмаси етарлича ривожланмаган, мутахассислар етишмаслиги ва ўқитувчиларнинг малакаси ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқаради.
Шу жиҳатдан қараганда, фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик долзарб бўлиб бормоқда. Рақамлаштириш ва геосиёсий беқарорлик шароитида илмий ҳамкорлик академик доиралар ўртасида мулоқотни давом эттиришга имкон беради. Шу билан бирга, чекланган академик мобиллик ва илмий жамоалар ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг заифлиги давлатларнинг фан, инновация ва технологиялар соҳасидаги салоҳиятини ривожлантиришга сезиларли даражада тўсқинлик қилмоқда.
Шу муносабат билан қўшма тадқиқотлар ва инновацияларни, илмий ва ўқув амалиётларини ташкил етишни, тажриба алмашиш дастурларини, стартаплар ва танловларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш зарур.
ЮНЕСКО шафелигида илмий ва илмий алмашинувларнинг қўшма дастурини қабул қилиш долзарб бўлиб бормоқда. Шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларидаги университетлар ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида онлайн платформани ишга тушириш зарур.
Бу илмий дипломатиянинг барқарор минтақавий тармоғини яратишга, таълим ва технологиялар соҳасида умумий кун тартибини шакллантиришга, шунингдек, ягона илмий маконнинг пайдо бўлишига ёрдам беради.
Юқоридаги қадамлар илмий дипломатияни ривожлантириш учун кучли восита бўлиб хизмат қилади, бу еса икки минтақа мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Марказий ва Жанубий Осиёдаги интеллектуал ресурсларни уйғунлаштириш, таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва таълим сифатини яхшилаш бўйича ҳамкорлик платформаларини ривожлантириш минтақа келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Демографик салоҳиятни инсон капиталига айлантириш ҳар икки минтақа учун ҳам барқарор тараққиёт, иқтисодий ўсиш ва глобал рақобатда муносиб ўрин эгаллашнинг асосий шарти ҳисобланади. Шу муносабат билан минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида таълимни ривожлантириш, турли мамлакатларда тажриба алмашиш ва ўқитиш учун шериклик алоқаларини ривожлантириш жуда долзарб ҳисобланади.
Минтақадаги давлатлар жумладан, Ҳиндистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари сўнгги ўн йилликларда илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида жаҳон ҳамжамиятида тобора сезиларли ўрин эгаллаб бормоқда. Айниқса, Ҳиндистонда ахборот технологиялари, аэронавтика, дори-дармон ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект каби соҳалар жадал суръатларда ривожланмоқда. Масалан, “ISRO” — Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти 2014 йилда Марс орбитасига сунъий йўлдош чиқарган биринчи Осиё мамлакати сифатида тарихга кирган. 2023 йилда эса “Chandrayaan-3” лойиҳаси доирасида Ой юзасига муваффақиятли қўниш амалга оширилди. Бу натижалар мамлакатнинг илм-фан соҳасидаги мустақил ва инновацион имкониятларини намоён этади.
Ахборот технологиялари соҳасида эса Ҳиндистон дунёдаги энг йирик IT аутсорсинг марказларидан бирига айланган. Бангалор, Ҳайдаробад, Пуне ва Ченнай каби шаҳарлар Google, Microsoft, Amazon, IBM, Oracle ва бошқа кўплаб трансмиллий корпорацияларнинг асосий марказлари жойлашган ҳудудларга айланган. Мамлакатда ҳар йили техник ва технологик соҳаларда миллионлаб мутахассислар тайёрланмоқда. Ҳиндистонда олий таълим муассасалари орасида Indian Institutes of Technology (IITs) ва Indian Institutes of Science (IISc) каби нуфузли илмий марказлар мавжуд бўлиб, улар дунё рейтингларида ҳам юқори ўринларни эгалламоқда. Айтиш жоизки, мамлакатда сунъий интеллект, биомухандислик, квант ҳисоблаш ва киберхавфсизлик каби соҳаларда илмий тадқиқотлар кенг қулоч ёйган.
Покистонда ҳам илм-фан соҳасида илгарилаш кузатилмоқда, айниқса ядро энергияси ва ҳарбий технологиялар соҳасида салоҳият юқори даражада. Мамлакатнинг илм соҳаларидаги тараққиётида “COMSATS” университети ва “Pakistan Institute of Engineering and Applied Sciences” (PIEAS) каби марказлар муҳим ўрин тутади. Айниқса, IT ва киберхавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида давлат миқёсида дастурлар қабул қилинмоқда.
Бангладешда тўқимачилик ва енгил саноат билан бир қаторда ахборот технологиялари ҳам тараққиёт йўлидан бормоқда. Мамлакатда “Digital Bangladesh” стратегияси асосида электрон ҳукумат, рақамли ва масофавий таълим, онлайн хизматлар кенг жорий этилган. 2021 йилда Бангладешда 120 дан ортиқ IT парклари ташкил этилди ва бу мамлакатнинг рақамли иқтисодиётга ўтишдаги интилишини намоён этади.
Афғонистондаги илмий ва технологик салоҳият ҳозирча чекланган бўлиб, сиёсий барқарорлик билан боғлиқ муаммолар унинг ривожини секинлаштирмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакатдаги айрим университетлар ва таълим муассасалари, айниқса Қобул университети, турли халқаро таълим ташкилотлари ёрдамида илм-фан соҳасидаги лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда.
Шу муносабат билан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида рақамли ўзаро боғлиқлик бўйича қўшма стратегияни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатни қабул қилиш савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига етиш имкониятини яхшилаш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда жаҳон майдонида рақобатбардошликни ошириш учун катта имкониятлар яратади.
Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг рақамли иқтисодиётни кенг жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳаётнинг барча соҳаларида рақамлилаштириш жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, бу аҳоли учун Интернетга хавфсиз кириш имконини таъминлашга қаратилган БМТнинг БРМ (Барқарор Ривожланиш Маќсадлари) ташаббусини амалга оширишни илгари суриб, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўл очади.Умуман олганда, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида рақамли ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш ҳар икки минтақа учун катта иқтисодий ва ижтимоий фойда келтиради, савдо-иқтисодий, энергетик ва транспорт алоқаларини кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади ҳамда ушбу минтақадаги давлатларнинг жаҳон саҳнасида рақобатбардошлигини оширади.
Умуман олганда, Термиз мулоқоти — бу Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни бугунги геосиёсий ва цивилизацион ўзгаришлар жараёнида янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим ташаббусдир.Айниқса, таълим, илм-фан ва янги технологиялар соҳаларида бу мулоқот икки минтақанинг интеллектуал салоҳиятини уйғотиш, бирлаштириш ва кенгайтириш имкониятини яратади. Чунки ҳар икки минтақада аҳолининг катта қисми ёшлардан иборат бўлиб, уларнинг таълимга қизиқиши юқори, илмий изланишларга қобилиятли, рақамли технологияларга тез мослаша оладиган авлоддир.
Бугунги кунда Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш сингари давлатлар ахборот технологиялари, биотехнология, ядро физикаси, тиббиёт ва сунъий интеллект соҳаларида жаҳон даражасидаги ютуқларга эришган бўлса, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари ҳам илмий инфратузилмаларни янгилаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий таълим лойиҳаларини жорий этиш борасида фаол ҳаракат қилмоқда. Термиз мулоқоти ана шу тажриба ва ютуқларни бирлаштириш, талабалар ва олимлар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий марказлар ташкил этиш, IT ва STEM соҳаларида стартап ва инновация платформаларини яратиш учун беназир имкониятдир.
Бу мулоқот келажакда минтақавий барқарорликни таъминлашда, фан ва таълим орқали тинчлик, тараққиёт ва интеллектуал ривожланишга замин яратиши билан катта тарихий аҳамият касб этади. Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўзаро ишонч ва муштарак келажак тамойили асосида, таълим ва илм-фан соҳаларида интеграциялашув орқали бутун Евроосиё маконида етакчи интеллектуал марказга айланиш салоҳиятига эгадир.