БМТ ДАВЛАТ ХИЗМАТИ ФОРУМИ: ЎЗБЕКИСТОННИНГ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАРИНИ ХАЛҚАРО МИҚЁСДА НАМОЁН ЭТИШ ИМКОНИНИ БЕРАДИ
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Асосий мақсад — самарали, шаффоф ва халқ манфаатларига хизмат қилувчи бошқарув тизимини шакллантиришга йўналтирилди. Мазкур соҳадаги ютуқлар ва салоҳият 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган БМТ Давлат хизмати форумида намоён бўлиши кутилмоқда. Ушбу Форум Ўзбекистонда илк бор ташкил этилади ва бу мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга. Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши — БМТнинг Ўзбекистон билан давлат хизмати соҳасида шаклланаётган мустаҳкам ҳамкорлигининг амалдаги намунасидир.
БМТнинг Давлат хизмати форуми барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда давлат сектори имкониятларини кенгайтириш, унинг инсон капитали ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Форумда дунёнинг турли мамлакатларидан юқори лавозимдаги давлат хизматчилари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва илмий-академик доира вакиллари, компаниялар ҳамда инновация етакчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Биз, ушбу муҳим тадбирда иштирок этишдан мамнунлигимизни билдириб, уни давлат хизмати соҳасидаги глобал мулоқот ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган муҳим платформа деб баҳолаймиз. БМТ ҳомийлигидаги ушбу Форум нафақат давлат бошқарувида инновацияларни жорий этиш, балки халқлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун ҳам имкониятдир.
Ушбу нуфузли Форум учун нега айнан Ўзбекистон танланди? Маълумки, ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланишида амалга оширилаётган манзилли ислоҳотларини ўрни катта. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мамлакат етакчиси фаолиятининг илк кунидан бошлаб Ўзбекистонда давлат идораларида иш ташкил этиш ва давлат хизматини ривожлантиришга қаратди. Давлатда кадрлар билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар мавжудлиги юқори минбарлардан айтилди. Давлат хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда бугунги кун талабларига мослаштириш вазифаси кун тартибидан ўрин эгаллади.
Давлат хизмати трансформацияси “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилга бўйсундирилди. “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили аҳолини тинглашни, унинг муаммоларини тушунишни ва эҳтиёжларини максимал даражада қондиришни назарда тутади. “Инсон қадри учун, инсон бахти учун, инсон розилиги учун!“ тамойили мамлакат Конституциясида, қонунларида ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги Ўзбекистон етакчиси қатъий талабига айланди.
Халқ манфаатини кўзлаб қарор қабул қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиши натижаси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Мазкур тизимлар Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига ўзининг муаммоси бўйича давлат раҳбарига, мутасаддиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини берди.
Ўзбекистоннинг бошқарувдаги яна бир ижобий натижаси — Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “давлат – жамият”, “раҳбар – фуқаро” муносабатларининг янги шакли юзага келди. Мақсад – раҳбарларни халқ билан юзлаштириш, мансабдорлар билан фуқароларни бир-бирига яқинлаштириш, жойлардаги муаммоларни синчковлик билан ўрганиш асосида халқчил қарорлар қабул қилиш бўлди.
Моҳиятан, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда давлат бошқаруви фалсафаси ўзгарди. Илгари давлат бирламчи бўлиб, одамларга сиёсатни амалга оширувчи восита деб қаралар эди. Шунингдек, кадрлар билан ишлашда замонавий ёндашувларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар институционал ўзгаришлардан бошланди. 2019 йил 3 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилд. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш ҳамда ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул орган этиб белгиланди. Агентлик зиммасига профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантириш, кадрлар билан ишлашнинг инновацион усулларини жорий этиш, кадрлар таркибининг сон ва сифат хусусиятларини яхшилаш каби қатор вазифалар юклатилди. 2022 йил 8 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни соҳадаги кўпгина муаммоларнинг ҳуқуқий ечимини берди. Кадр сиёсатига оид 160 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилди. Давлат хизматидаги вакант лавозимларни очиқ танлов орқали эгаллаш тизими амалиётда қўлланила бошланди. Юқори раҳбарлик лавозимларига захира тайёрлаш тизими яратилди.
Шунингдек, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги ташкилий тузилма — “маҳалла еттилиги” ташкил этилди. Ушбу тузилма маҳаллалардаги муаммоларни эрта аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳоли билан бевосита ишлашни самарали ташкил этишга йўналтирилди.
Ўзбекистонда давлат хизматини натижадорликка йўналтириш мақсадида эса ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, бошқарув ходимлари 30 % қисқартирилди, 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди. «Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчилари сони 4 миллиондан ошиб, у орқали давлат идораларининг 130 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 350 турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди. 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижроия органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон ушбу соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш йўлида собитқадам.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг кўҳна, боқий ва тарихий шаҳри — Самарқандда БМТнинг “UN Public Service” форуми ўтказилиши мамлакат учун давлат хизматлари тизимини модернизация қилиш, рақамли трансформацияни амалга ошириш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни кучайтиришда жиддий қадам бўлади. Биз, ушбу Форум ишини қўллаб-қувватлаб, муҳим тадбирда иштирок этишдан мамнун эканлигимизни билдирамиз.
Энг муҳими, бу каби халқаро форумлар нафақат самарали давлат хизматларини шакллантириш, балки юксак масъулият, садоқат ва фидойилик билан меҳнат қилаётган давлат хизматчилари нуфузини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.