БМТ ДАВЛАТ ХИЗМАТИ ФОРУМИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДА ЎТКАЗИЛИШИ — МАМЛАКАТ УЧУН ТАРИХИЙ ВОҚЕЛИКДИР
2025 йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Давлат хизмати форуми (UN Public Service Forum 2025) ўтказилади. Ушбу нуфузли халқаро тадбирнинг асосий мавзуси — “2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш”. Форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ташкил этилмоқда. Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши — мамлакат учун соҳадаги ислоҳотларини намойиш этиш ва баҳолаш имконини ҳам беради.
БМТ Давлат хизмати форуми (UNPSF) — давлат хизматларини самарали ташкил этиш, инновацияларни жорий этиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирадиган йирик халқаро тадбирдир.
Ўзбекистонда 2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар Ўзбекистон давлат хизмати тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга йўл очди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан давлат фуқаролик хукумати трансформация қилинди. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, — деган ҳаётий тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ташкил қилинди. Янги тузилма — “маҳалла еттилиги” тизими жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди (2019 йил 3 октябрда). Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди (2022 йил 8 август). Кадр сиёсатига оид 160 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилди, давлат хизматидаги вакант лавозимларни очиқ танлов орқали эгаллаш тизими жорий этилди. Шунингдек, юқори раҳбарлик лавозимларига захира тайёрлаш амалиёти қўлланила бошланди. Натижада, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар янада демократлашди.
Ўзбекистон давлат хизматида эътироф этишга лойиқ амалиёт қўллади. Ижтимоий давлат қуриш бўйича ташаббуслар кўрсатди. “Инсон қадри” марказий масаласига айланди, инсон капиталини ривожлантириш давлатнинг бирламчи вазифаси сифатида тан олинди. Ушбу мақсадни амалга ошириш механизмларидан бири сифатида “Маҳалла еттилиги” уникал тузилмаси шаклланди. Тузилма давлат хизматчиларининг халққа яқин бўлиши, муаммоларини жойида ҳал этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилди. Ҳозирда “маҳалла еттилиги”да қарийб 50 мингга яқин давлат хизматчилари фаолият кўрсатаётгани (маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, солиқ инспектори, профилактика инспектори) ҳам аҳамиятлидир.
Бу, бевосита Президент Шавкат Мирзиёевнинг “ютуқлар дафтари”га битилган ўзгаришлардан бири. Давлат бошқарувидаги ислоҳотлар боис, барча давлат идоралари фаолияти маҳаллагача туширилди. Маҳалла, ўз навбатида, бошқарув пирамидасининг чўққисига чиқарилди. Маҳалла давлат сиёсатининг муҳим бўғини, ислоҳотлар драйверига айланди.
Дастлаб маҳаллаларга тушиб, муаммолар ўрганилди. Тизимли муаммолар аниқлангач, тегишли вазирликларда бу муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган қарорлар қабул қилинди. Бора-бора маҳалла муаммолар ўрганиладиган ва аниқланадиган маскандан муаммолар жойида ҳал қилинадиган, муҳим қарорлар қабул қилинадиган масканга айланди. Аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳалла жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк” вазифасини ўтай бошлади. “Очиқ бюджет” лойиҳасинининг ишга туширилиши натижасида маҳалла жамоатчилик бошқарувининг муҳим бўғинига айланди.
Маҳалла мўъжаз бир ҳокимият моделини ўзида гавдалантириб, уни менежер-раис раҳбарлигидаги “еттилик” бошқара бошлади. Институционал жиҳатдан такомиллаштирилган маҳалла янги авлод бошқарув кадрларини тайёрлашнинг ҳаётий мактабига айланди. Маҳалла “қозонида қайнаган” кадрлар юқори ва масъулиятли лавозимларга тайинлана бошланди. Бошқача айтганда, Президент маҳалладаги еттилик учун карьера моделини чизиб берди: маҳаллада ишлаб, халқ дардини билиб, унинг муаммоларини ҳал қилишга астойдил бел боғлаган маҳалла менежерларини юқори лавозимларга тайинлаш механизми яратилди. “
Ушбу уникал тузилманинг афзалликлари нималарда кўринди? Биринчидан, барча соҳаларни қамраб олган ҳолда жойлардаги муаммоларга биргаликда ечим берила бошланди, ҳар бир тизим вакили ўз соҳаси бўйича натижадорликни таъминлашга киришди ва энг муҳими, халқ ва давлат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилди.
Фикримизча, Ўзбекистоннинг Форумда иштироки ва мезбонлиги юқоридаги каби мамлакатнинг ўзига хос тажрибасини намоён этиш, шунингдек, давлат хизмати соҳасини модернизация қилиш, рақамли трансформацияни амалга ошириш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни кучайтиришда муҳим қадам бўлади. Биз, ушбу Форум ишини қўллаб-қувватлаб, муҳим тадбирда иштирок этишдан мамнун эканлигимизни билдирамиз. Форум иштирокчиларини тарихий ва навқирон Самарқандда кутамиз!