ЎЗБЕКИСТОН “БМТ ДАВЛАТ ХИЗМАТИ ФОРУМИ” ДОИРАСИДА РАҚАМЛИ ИСЛОҲОТЛАРИНИ НАМОЙИШ ЭТАДИ
Бугун Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасидаги ислоҳотлар ижобий динамика кўрсатмоқда. Рақамлаштириш, шаффофлик ва профессионализмга қаратилган ташаббуслар давлат фуқаролик хизматининг сифати ошишига хизмат қилмоқда. 2025 йил 23-25 июнь кунлари БМТ Давлат хизмати форумини (UN Public Service Forum 2025) Ўзбекистонда ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Форум ўз миссиясидан ташқари Ўзбекистоннинг давлат хизмати, электрон ҳукумат ва рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлари ва саъй-ҳаракатларини дунё ҳамжамиятида танитишни ҳам таъминлайди. Бу, Президент Ш.М.Мирзиёев бошқарувидаги мустақил мамлакат учун ижобий қадам.
Кузатувларимизга асосан, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизмати тизимини янгилаш ва рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ташкил этилиб, "Бир дарча" тамойили жорий этилди. 2023 йил ҳолатига кўра, улар орқали аҳолига 13,2 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Мобил давлат хизматлари йўлга қўйилди: Қишлоқ ва олис ҳудудларда яшовчи аҳоли учун мобил хизматлар кўрсатила бошланди.
Ўзбекистонда давлат хизматини рақамлаштириш жараёнини шартли 3 даврга бўлиш мумкин:
Дастлабки босқич - (2017–2018): 2017 йилда давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида ҳуқуқий ва институционал асос яратилди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) тўлиқ ишга туширилди. "Электрон ҳукумат" концепцияси қабул қилинди. Аввал фақат қоғоз шаклида амалга ошириладиган хизматлар онлайн тарзда кўрсатила бошланди.
Тараққиёт босқичи - (2019–2022): 2019 йилда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. MyGov мобил иловаси ишлаб чиқилди, электрон ҳужжат айланмаси ва рақамли имзо тизими кенг жорий этилди. Кўплаб хизматлар интеграция қилинди, DXMлар (Давлат хизматлари марказлари) орқали хизматлар қулайлаштирилди.
Инновацион босқич - (2023–2025): 2023 йилда Digital Uzbekistan 2030 дастурининг амалиётга жорий этилиши билан рақамлаштириш янги босқичга кўтарилди. MyID, E-imzo, Давлат хизматлари ягона реестри, QR-код орқали тасдиқ каби воситалар кенг татбиқ этилди. Хизматлар API орқали турли дастурлар ва веб-платформаларга интеграция қилинди. Фойдаланувчилар учун шахсий кабинет, хабарнома ва онлайн кузатув функциялари амалиётга татбиқ қилинди.
Ўтган давр мобайнида мамлакат АКТ тизимлари ва рақамли инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида соҳага катта миқдордаги инвестицияларни жалб қилди. Натижада, 2024 йилда давлат хизматларидан фойдаланувчилар сони 10,3 миллионга етди.
Қолаверса, бугун Ўзбекистонда рақамли давлат фуқаролик хизмати амалиётга татбиқ этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан инсон ресурсларини бошқариш ягона электрон платформа — HRM.ARGOS.UZга ўтказилди. Платформа кадрларнинг сон ва сифат таркибини автоматик шакллантиради. Натижада HR-бўлинмалари иқтисод қилинган 40% иш ҳажмини ҳам ходимларни ривожлантиришга сарфлашга эришди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz, фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизими id.egov.uz, давлат фуқаролик хизматчиларини синовдан ўтказиш модули test.argos.uz, давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали vacancy.argos.uz, давлат фуқаролик хизматчилари малакасини ошириш портали ilm.argos.uz, раҳбарларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича электрон платформа samaradorlik.argos.uz, давлат фуқаролик хизматчилари хизмат сафари ҳисобини юритиш бўйича xs.argos.uz тизимлари жорий этилди.
Бугун Ўзбекистоннинг рақамлаштириш ишларини фақатгина ижобий баҳолаш мумкин. БМТ Форуми доирасида “Ўзбекистоннинг IT салоҳияти” экспозициясининг намойиш этилиши ҳам соҳадаги катта ўзгаришларга ишорадир. Шунингдек, Форум юқори даражадаги пленар сессиялар, амалиётга асосланган семинарлар, миллий кейслар орқали Ўзбекистон тажрибасини халқаро майдонда тақдим этиш имкониятини ҳам беради. Форум кенг қамровда ўтказилаётганлиги сабабли давлат ташкилотлари, илмий доиралар, IT-индустрия ва фуқаролик жамияти учун муҳим халқаро мулоқот майдонига айланиши кутилмоқда.
Самарқанд шаҳрида ушбу йирик Форумнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг глобал даражадаги обрў-эътибори ортиб бораётганининг ёрқин исботидир. Шу билан бирга, мамлакатда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар Марказий Осиёдаги илғор тажриба сифатида халқаро майдонда муносиб тақдим этилади.
Биз, Самарқанднинг Форум мезбони сифатида танланганини — мамлакатнинг давлат бошқарувини очиқ, инклюзив ва инновацион йўл билан модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига бўлган ишонч ифодаси сифатида баҳолаймиз. Ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлашга, ҳамкорликни чуқурлаштиришга ва давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга тайёрмиз.