ДАВЛАТ ХИЗМАТИ СОҲАСИДАГИ ГЛОБАЛ ҲАМКОРЛИКНИНГ МУҲИМ ҚАДАМИ
Тагсарлавҳа: БМТ Давлат хизмати форумининг Ўзбекистонда ўтказилиши — унинг халқаро ҳамжамиятдаги роли мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
БМТ Давлат хизмати форуми (United Nations Public Service Forum — UNPSF) — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида ўтказиладиган халқаро даражадаги тадбир бўлиб, давлат хизмати соҳасида инновация, самарадорлик ва барқарор тараққиётни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган. Форумни БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти (UN DESA) ташкил қилади. Форум барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун давлат хизматини ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш мақсадида 2003 йилдан буён ўтказилади.
Форум анаънага кўра, давлат бошқарувининг муайян муҳим соҳасига эътибор қаратади ва унинг турли ўлчовлари, таркибий қисмларини яхлит тарзда ўрганади. Халқаро йирик тадбир жаҳон етакчилари, сиёсатчилар, амалиётчилар, бошқарув соҳасидаги инноваторлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий доиралар, нотижорат ташкилотлар ва хусусий сектор вакилларини бирлаштиради. Форум илк бора 2003 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган. Шундан сўнг ҳар йили АҚШ, Австрия, Испания, Танзания, Баҳраин, Марокаш, Колумбия каби давлатларда, 2019 йилда Бакуда, 2024 йилда эса Корея Республикасида ўтказилган.
Аҳамиятлиси, Форум вазирлар, юқори даражада қарор қабул қилувчилар, ишчи даражадаги давлат хизматчилари учун маҳаллий ҳамда миллий даражада инновациялар ва трансформацияларни рағбатлантириш учун платформа тақдим этади.
Жорий йилда Форумни ўтказиш учун Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри танланди. Сабаби, бугун Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида қатор ижобий натижаларга эришди. Жумладан, 2019 йилнинг 3 октябрида Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёв томонидан “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон асосида мамлакатда ягона кадрлар сиёсатини юритиш мақсадида давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Ўтган қисқа вақт давомида эса Ўзбекистон бу соҳада, жаҳон стандартларига жавоб берадиган инновацияларни жорий этди. Жумладан, давлат хизматига кириш ҳамда лавозимларни эгаллаш очиқ танлов орқали амалга ошириш тизими йўлга қўйилди. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари ва тоифалари белгиланди. Кадрлар захираси шакллантирилди. Бунда асосий мақсад қилиб, давлат фуқаролик хизматининг раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини ошириш ҳамда хизматда лавозим бўйича кўтариш белгиланди. Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилди. Кадрларнинг касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириш бўйича зарурий шарт-шароитлар яратилди. Давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмлари такомиллашди.
Ўзбекистоннинг кадр тайёрлашдаги ўзига хос амалиёти ҳам эътиборга лойиқ. Мамлакатда бугун кадрлар юқори салоҳият, билим ва кўникмалари асосида тенглик, рақобатлилик, ихтиёрийлик, шаффофлик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида Миллий кадрлар захирасига киритилмоқда. Ўзбекистон етакчиси давлат хизматчисининг интеллектуал даражаси қанча юқори бўлса, тизим шунчалик самарали ишлашини таъкидлаб, инсон капиталига эътиборни кучайтирди.
Яна бир эътироф этишга лойиқ жиҳат — Ўзбекистонда давлат хизматчилари учун малака ошириш ҳуқуқ эмас, балки мажбурият даражасига кўтарилди. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни га мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт эканлиги (12-модда) белгиланди. Бунда давлат фуқаролик хизматчиси ташкилот ваколатларини лозим даражада амалга ошириш учун зарур билим, малака ва кўникмаларни қамраб олган касбий компетенциясини доимий ривожлантириб бориши мажбурият сифатида мустаҳкамланган.
Охирги 5 йил мобайнида давлат фуқаролик хизматчилари учун 550 дан ортиқ малака ошириш курслари, ўқув ва амалий семинарлар, экспресс-тренинглар, хорижий стажировкалар ташкил этилди. Давлат хизматчиларининг компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган ягона малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Профессионал давлат хизматчисини шакллантириш тизимининг асосий принциплари қилиб, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маҳоратини ошириш, халқ билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш, ўз устида ишлаши шартлиги белгиланди.
Ўзбекистоннинг Миллий кадрлар захира тизими бугун салоҳиятли кадрларни юқори вазифаларга қўйишга шай ҳолатга келтириб, лавозимларнинг бўш қолмаслигини кафолатлаяпти. Тизим ҳозирги тез ўзгараётган шароитда рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга, ислоҳотларга тайёр, ташаббускор бўлган янги авлод кадрларига бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилмоқда. Охирги йилларда ушбу тизимга салоҳиятли хотин-қизлар ҳам жалб қилинаётгани самара бермоқда.
Статистикага кўра, хотин-қизлар жаҳон аҳолисининг, шу жумладан, Ўзбекистон аҳолисининг ҳам ярмини ташкил этади. Хотин-қизларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши давлатлар иқтисодий тараққий этишининг зарурий шарти ҳисобланади. 2017 йилдан эътиборан Ўзбекистонда хотин-қизлар мақоми билан боғлиқ барча масалаларга муносабат тубдан ўзгарди. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан энг юқори идораларда бу муаммонинг ечимини топишга киришилди. Давлат раҳбари бу борадаги фикрини қатъий билдирди: «Бундан буён Ўзбекистонда бирор-бир аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди». Шу тариқа хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатининг устувор қисми сифатида кун тартибидан жой эгаллади.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги юқори раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйди – “Раҳбар аёллар мактаби” ташкил этилди. Мазкур тизим Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилиб, давлат бошқарувида хотин-қизлар улушини ошириш мақсадига йўналтирилди.
“Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки ва раҳбарлик салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади. Мазкур дастур доирасида 2022 йилдан буён жами 250 нафар хотин-қизлар таҳсил олди Назарий билимларни илғор тажриба билан уйғунлаштириш мақсадида “Раҳбар аёллар мактаби” бўйича Миллий кадрлар захирасига киритилган салоҳиятли ва истиқболли хотин-қизлар ривожланган давлатларга стажировкага юборилиб, илғор хорижий тажриба билан танишиш имконига эга бўлмоқдалар.
Шунингдек, мамлакатнинг давлат хизматчиларини очиқ танлов орқали қабул қилиш тизими, HR бошқарув тизимини амалиётга қўллаш(Q-DEEP), рақамли давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, давлат хизматчиларининг маошини иш самарадорлигига боғлаш каби амалиётларини ҳам ижобий баҳолаш мумкин.
Фикримизча, Ўзбекистон Форумда мезбонлик қилиш ва иштирок этиш орқали халқаро тажрибаларни ўрганади, самарали давлат бошқаруви амалиётларини ўзлаштиради, давлат хизматларини рақамлаштириш, инклюзивлик ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўллари бўйича бой тажрибага эга бўлади. Бу, Ўзбекистоннинг 2030-йилгача бўлган ривожланиш стратегиясига ҳам мувофиқ келаётгани қувонарлидир.
Шу билан бирга, ушбу Форум фақат давлат хизматларининг эмас, балки улар орқали жамиятга хизмат қилаётган давлат хизматчиларининг ўрни ва меҳнатини алоҳида эътироф этиш, уларнинг нуфузини ошириш ҳамда янги авлод хизматчиларини руҳлантириш учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади.