Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунини таъсис этиш ҳақида
Муаммо:
Биз шундай даврда яшамоқдамизки, табиий офатлар камдан-кам учрайдиган ҳодиса эмас, балки глобал кун тартибининг бир қисми бўлиб қолган. Ҳар йили зилзилалар минглаб одамларнинг умрига зомин бўлади, шаҳарларни ер билан яксон қилади, миллионлаб одамларни бошпанасиз қолдиради.
Бироқ, янгиликлар ортида кўпинча энг муҳими - инсонлар тақдири эътибордан четда қолади.
Халқаро Хотира куни ғояси ҳар бир фожианинг қадрини эслатиб туради. Бу ўтмишдаги дардни келажак учун жамоавий масъулиятнинг бир қисмига айлантириш уринишидир.
Хотира нафақат ҳурмат белгиси, балки профилактика ҳамдир. Хотира институтсионаллашганда - саналар, хотира тадбирлари, глобал кунлар орқали - у онг маданиятини шакллантиради, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш бўйича саъй-ҳаракатларни рағбатлантиради ва жабрланганларни қўллаб-қувватлашни бир ҳудуднинг ишидан халқаро бурчга айлантиради.
Туркия, Сурия, Непал, Гаити ёки 1966 йилда Тошкентда содир бўлган зилзилалар каби фожиалар унутилмас сабоқдир.
Айнан шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро зилзила қурбонларини ёд этиш кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланди.
Ушбу ташаббус инсониятни инсонпарварлик қадриятлари атрофида бирлаштириш, ўтмишни англаш ва келажакка тайёргарликни кучайтириш истагининг ифодасидир.
Тезислар:
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунини таъсис этиш: Ўзбекистон ташаббусининг асосий босқичлари ва аҳамияти
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 март куни Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида зилзила қурбонларини хотирлаш халқаро кунини таъсис этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ташаббус табиий офатлар муаммосининг глобал аҳамиятини чуқур англаш ва миллионлаб инсонлар тақдирини ўзгартирган фожиаларни ёдда сақлаш учун халқаро ҳамжамият саъй- ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини акс эттирди. Президент нафақат хотира тадбирларининг, балки давлатларнинг бундай фавқулодда вазиятларга тайёрлигини ва барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликдаги саъй- ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг дипломатик фаолияти ва БМТга аъзо давлатлар томонидан ташаббуснинг кенг қўллаб-қувватланиши натижасида Ташкилот Бош Ассамблеяси якдиллик билан 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу сана бежиз танланмаган - у рамзий равишда мамлакат тарихидаги энг фожиали воқеалардан бири бўлган ва бутун дунё учун табиий офатларга қарши курашда муҳим сабоқ бўлиб хизмат қилган 1966-йилги ҳалокатли Тошкент зилзиласининг 60 йиллигига тўғри келади.
Янги халқаро кун шунчаки тақвим санаси бўлиб қолмасдан, балки барча мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва бутун жамиятнинг хабардорликни ошириш, хавфларни камайтириш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш чораларини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун туртки бўлиши лозим. БМТ Бош Ассамблеяси қарорида маърифий тадбирлар ўтказиш, тажриба алмашиш ва барча даражаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистонда ушбу сананинг давлат миқёсида белгиланиши хавфсизлик ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик масаласига миллий эътиборни акс эттиради. 29 апрель санасининг танланиши қурбонлар хотирасига чуқур ҳурмат ва ўтмиш сабоқларини келажак авлодлар учун сақлаш истагидан келиб чиққан. Юртбошимиз бундай офатлар оқибатларини камайтиришга қаратилган тарихий хотира ҳамда замонавий технологиялар ва стратегияларни ўз ичига олган яхлит ёндашувнинг зарурлигини таъкидламоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ташаббуси нафақат кенг халқаро эътирофга сазовор бўлди, балки глобал хотира ва масъулият маданиятини шакллантириш учун муҳим туртки ҳам бўлди. Бу мамлакатнинг умуминсоний қадриятларга қўшаётган салмоқли ҳиссаси ва республиканинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Хулосалар:
Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунининг таъсис этилиши глобал хотира ва бирдамлик маданиятини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу кун бизга инсон ҳаётининг наҳадар мўртлигини ва табиий офатлар хавфини камайтириш ҳамда уларнинг оҳибатларини юмшатиш учун куч-ғайратимизни бирлаштириш зарурлигини эслатади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси нафаҳат миллий масъулиятни намоён этди, балки бутун халқаро ҳамжамият учун илҳом манбаи бўлди. Ўзбекистон ҳатто битта мамлакат ҳам инсонлар ҳаётини асраш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим глобал ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкинлигини кўрсатди.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни нафақат мотам тутиш, балки хабардорликни ошириш, хавфсизликка сармоя киритиш, янгиликлар жорий этиш ва жабрланганларга ёрдам беришучун туртки бўлсин. Йодда тутиш - келажакни ҳимоя қилиш демакдир.