Инфографика: Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 31 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тянсзин шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида иштирок этади. Шу муносабат билан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-инвестиция ҳамкорлигига оид 8 йиллик ва 2024 йил учун инфографика тайёрлади
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) – 2001 йилда ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот ҳисобланади. Ҳозирги кунда ШҲТ таркибига 10 та давлат аъзо: Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида (ШҲТ) кузатувчи давлат мақомига эга бўлган 2 та давлат — Афғонистон ва Мўғулистон — ҳозирда ташкилот фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу билан бирга, 14 та давлат ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари сифатида тан oлинган. Улар қуйидагилардир: Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбожа, Қатар, Қувайт, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка.
2017 йилда Ҳиндистон ва Покистоннинг, 2023 йилда Эроннинг, 2024 йилда эса Беларуснинг ШҲТга қўшилиши ташкилотнинг географик қамрови ҳамда сиёсий нуфузини сезиларли даражада кенгайтирди ва уни дунёнинг энг йирик минтақавий ташкилотларидан бирига айлантирди.
Шунингдек, янги давлатларнинг аъзо бўлиши ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини ҳам кенгайтирди. Хусусан, савдо, инвестиция ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорлик учун янги шароитлар яратилди.
Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан ташқи савдо кўрсаткичлари
ШҲТга аъзо мамлакатлар, айниқса, Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари, Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради.
2017–2024 йиллар давомида Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан товар айланмаси 2,5 баробар ошиб, 12,9 млрд. доллардан 32,5 млрд. долларга етди. Экспорт ҳажми 1,6 баробар ўсиб, 5,8 млрд. доллардан 9 млрд. долларга кўтарилди, импорт эса 3,3 баробар ошиб, 7,1 млрд. доллардан 23,5 млрд. долларга етди.
Шу билан бирга, ШҲТ мамлакатлари билан товар айланмаси улуши умумий ташқи савдода 48,6%дан 49,4%га кўтарилди. Экспортда уларнинг улуши 46,2%дан 33,4%га пасайди, импортда эса 50,6%дан 60,4%га ўсди.
2024 йилда ШҲТ мамлакатларига тўғри келган экспорт улуши умумий кўрсаткичнинг 33,4%ини ($9 млрд.) ташкил этди. Бироқ, экспорт таркибидаги олтин (2024 йилда $7,48 млрд.) асосан бошқа мамлакатларга йўналтирилгани учун, олтинсиз ҳисоблаганда ШҲТ мамлакатларининг Ўзбекистон умумий экспортидаги улуши 46,3%га тенг бўлди.
2024 йилда 2023 йилга нисбатан Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан товар айланмаси 0,1%га ўсиб, 32,5 млрд. доллардан 32,54 млрд. долларга етди. Экспорт 3,5%га камайиб, 9,33 млрд. доллардан 9,01 млрд. долларга тушди, импорт эса 1,6%га кўтарилиб, 23,17 млрд. доллардан 23,53 млрд. долларга етди.
2024 йилда Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ташқи савдосида энг катта улуш қуйидаги давлатларга тўғри келди:
Товар айланмасида: Хитой – $12,5 млрд. (38,4%), Россия – $11,63 млрд. (35,7%), Қозоғистон – $4,28 млрд. (13,1%).
Экспортда: Россия – $3,7 млрд. (40,9%), Хитой – $2,1 млрд. (22,8%), Қозоғистон – $1,45 млрд. (16,1%), Қирғизистон – $631,5 млн. (7,1%), Тожикистон – $605,0 млн. (6,8%).
Импортда: Хитой – $10,43 млрд. (44,3%), Россия – $7,95 млрд. (33,8%), Қозоғистон – $2,83 млрд. (12%).
Шу билан бирга, 2024 йилда ШҲТ мамлакатларидан Ўзбекистонга йўналтирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар умумий ҳажми $11,4 млрд.дан ошди (умумий тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг 46,6%).
Муҳим жиҳатлардан бири – ШҲТ давлатлари Ўзбекистоннинг тайёр экспорт маҳсулотлари учун асосий бозорга айланди. Хусусан, Ўзбекистондан экспорт қилинаётган мевa-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехника товарлари, шунингдек, тўқимачилик ва автомобиль саноати маҳсулотларининг асосий қисми (80%дан ортиқ) айнан ШҲТ мамлакатларига етказиб берилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ШҲТ аъзо давлатларидан иқтисодиёт ривожи учун зарур бўлган маҳсулот ва хомашё импортини амалга оширади. Бу нафақат ишлаб чиқариш корхоналарининг самарали фаолият юритиши, балки ички бозордаги истеъмолчилар талабини қондиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, металл маҳсулотлари, ёғоч ва нефт маҳсулотларининг асосий қисми ШҲТ давлатларидан келтирилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга импорт қилинадиган машиналар ва ускуналарнинг 50%дан ортиғи, жумладан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ҳам ШҲТ давлатларидан, асосан Хитойдан олиб келинади.
ШҲТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Чунки умумий озиқ-овқат импортининг тахминан 70%и ШҲТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Россия ва Қозоғистондан асосий ҳажмда ёғ-мой ҳамда дон маҳсулотлари етказиб берилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ШҲТнинг асосчи давлатларидан бири сифатида, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган ва ташкилотга аъзо барча давлатлар билан яқин, дўстона алоқаларни қўллаб-қувватлайди ҳамда улар билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдордир.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими