Оилам - саодатим!
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Менинг оилам – менинг бахтим!” шиори остида Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессия муҳокамасида “Ибратли оила” танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари, фан, санъат, маданият, спорт, ишлаб чиқариш соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга намунали оилалар, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари ва талабалар иштирок этди.
Бугун кунда мамлакатимизда 8,3 миллиондан ортиқ оила бор. Уларнинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалардир. Табиийки, бу оилаларнинг тинч-тотувлигини таъминлаш муҳим вазифа саналади.
Шу маънода, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини асраш, ёшлар онгида оила қадриятларига содиқликни шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Ёш оилалар билан ишлаш бўлими ташкил этилди. Ўтган бир йил давомида бўлим томонидан ёшларни онгли равишда оилага тайёрлаш, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида турли лойиҳалар, акциялар, тарғибот лойиҳалари ташкил этилиб, тарғибот материаллари ҳам тарқатилмоқда. Ўнлаб ижтимоий роликлар тасвирга олиниб, телеканаллар орқали узатилди.
Тадбирда “Оила” маркази томонидан “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” мавзусида телемарафон, “Фаровон оиланинг бунёдкори бўлайлик!” шиори остида ҳафталик, ҳудудларда “Отам – ишончим, онам – қувончим!” иншолар танлови, “Оилам – саодатим” ижодий ишлар танлови, узоқ йиллар бирга умргузаронлик қилган оилалар билан учрашувлар, оилавий китобхонлик, оилавий тадбиркорлик, ҳуқуқий саводхонлик борасида анжуманлар, журналистлар ва ижодкорлар ўртасида оила мустаҳкамлигини таъминлайдиган танловлар, оила қадриятларини асраш учун “Аҳил оилалар ташрифи” куни ташкил этилиши айтиб ўтилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан “Биз соғлом оиламиз” шиори остидаги оилавий юриш ва югуриш марафони, “Оиламга китоб билан” шиори остидаги китоб кўргазмалари ва маданий тадбирлар, “Ибратли оилалар ташрифи” лойиҳаси, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ўтказиладиган “Юридик қабулхона” ва “Психологик қабулхона” каби республика бўйича ўтказиладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, байрам арафасида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган халқаро экспертлар иштирокида “Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги ҳамда “Ўзбекистонда замонавий намунали оила ривожланишининг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий конференциялари ўтказилиши режалаштирилган.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Оила” энциклопедияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан чоп этилган “Бўлажак куёвларга эслатма”, “Бўлажак келинларга эслатма” тарғибот китобчалари тақдимоти бўлиб ўтди. Мавзуга доир ижтимоий роликлар намойиш этилди.
Тадбирда бир гуруҳ намунали оилалар эсдалик совғалар билан тақдирланди.