Ижтимоий сўров: Бугун жамиятда оиланинг ўрни қандай?
Бугун оиланинг ўрни қандай, унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ўзгармоқдами, оилавий қадриятлар қайта тикланаяптими?
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган тадқиқотда шу каби саволларга жавоб сўралди.
Ўзбекистонликлар оилани жамият ва давлат асоси, деб ҳисоблайди. 66,3 фоиз сўровнома иштирокчисининг фикрича, жамият ва давлатда яхлитликни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратиш, мамлакатда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш оиланинг асосий мақсади ва ижтимоий вазифасидир.
Сўров натижаси муносиб авлодни вояга етказиш оиланинг асосий вазифаси, чунки инсон айнан оилада жамиятнинг тўлақонли аъзоси ва фуқароси сифатида шаклланади, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони ошаётганини кўрсатди.
Оила қуриш учун энг мақбул ёш тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри қандай?
Сўров қатнашчиларининг 49,8 фоизи эркаклар 24-25 ёшда оила қуриши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Ҳар учинчи иштирокчи эса эркаклар 26-27 ёшида оила қуриши керак, деган фикрни билдирган. 58,8 фоиз қатнашчи аёлларнинг оила қуриши учун 21-23 ёшни маъқул ҳисоблайди.
Эркаклар 26-27 ёшида оила қургани яхши, деган фикр асосан юқори даромадга эга, олий маълумотли, нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлар ёки хорижий фирмаларда хизмат қиладиганлар орасида айниқса кўп айтилган.
Оилавий ҳаёт бўйича тажрибага эга, жумладан, ажрашганлар, асосан турли ижтимоий гуруҳ вакиллари эркаклар ақлан етук ёшда оила қургани маъқул, деб ҳисоблайди.
Юртдошларимиз оила қуришдан олдин ёшлар ҳаётий тажрибага эга бўлиши, илм ва касб-ҳунар эгаллаши зарур, деган қатъий фикрда.
Сўровда иштирок этганларнинг 79,9 фоизи ёшларни никоҳга, оталик ва оналикка тайёрлаш зарур, деб ҳисоблайди.
Иштирокчилар фикрича, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш нафақат оилаларда, шунингдек, ўқув муассасаларида ҳам амалга оширилиши керак. Ана шундай машғулотлар орқали навқирон авлод вакиллари онгида никоҳ институти, никоҳ шартномаси, эр-хотин ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, оилани режалаштириш, хўжалик ва бюджет юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида низоларни бартараф этиш усуллари, оилада мулоқот маданияти тўғрисидаги тасаввурлар шакллантирилиши керак.
Аксарият сўров қатнашчилари (97,1 фоиз) никоҳ қуришдан аввал тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий, деб ҳисоблайди, зеро оила қураётган йигит-қизларнинг саломатлиги келгуси авлод саломатлиги кафолатидир.
Сўров давомида фуқароларнинг никоҳ шартномасига бўлган муносабати ҳам ўрганилди. Унда қатнашган ҳамюртларимизнинг 42,4 фоизи мажбурий тартибда никоҳ шартномасини тузиш керак, чунки у оилавий муосабатларга учинчи шахсларнинг аралашувини, ажримдан сўнг эр-хотиннинг бирини, фарзандларни уй-жой ва маблағ билан таъминлашдан маҳрум бўлишини бартараф этади, деган фикр билдирган. 29,1 фоиз қатнашчи никоҳ шартномаси томонларнинг шу ҳақдаги истагига кўра тузилиши мумкин, деб қайд эишган.
Аксарият фуқаролар (98,4 фоиз) никоҳ қуришда ФҲДЁ бўлимларида рўйхатда ўтиш мажбурий, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, никоҳнинг расмий рўйхатдан ўтказилиши эр-хотин ва фарзандлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Сўров шуни кўрсатдики, 95,5 фоиз ўзбекистонликлар шаърий никоҳ ҳам мажбурий бўлиши керак, деган фикрда.
Дунёвий ҳаёт кечираётган фуқаролар ҳам, диний қарашлар тарафдорлари ҳам никоҳ ўқитиш мажбурий, деган фикрни қўллаб-қувватлаган. Улар шунда оила янада мустаҳкам, бахтли ва фаровон бўлишига ишонади.
Сўров иштирокчиларининг фикрича, фарзанд бахтли оила асосидир, зеро улар оилавий ҳаётга мазмун бағишлайди, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайди. Ҳамюртларимиз молиявий жиҳатдан фаровонлик ва моддий тўкинлик барқарор оилавий ҳаётнинг муҳим таркибий қисми, деб ҳисоблашган.
Тадқиқот Ўзбекистонда оила жамият учун ўзининг ижтимоий ва ахлоқий аҳамиятини сақлаб қолганини тасдиқлади. Сўров иштирокчиларининг 78,8 фоизи никоҳда эканини қайд этган. Ўзбекистон оилаларининг ҳар иккинчиси эр-хотин ва уларнинг фарзандларидан ташкил топган. 29,1 фоиз иштирокчи ўзларининг оилалари эр-хотин, фарзандлари ва кекса ёшдаги авлод вакилларидан иборат, деб жавоб беришди.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатимизнинг аксарият оилаларида эркак киши устун ҳисобланади. У оила бюджетига асосий ҳисса қўшади, унинг моддий ресурсларини бошқаради ҳамда оила аъзолари ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этади.
Оилавий вазифалар ва мажбуриятларининг тақсимоти ҳам анъанавий оила турига мос келади: эркак киши оилани моддий жиҳатдан таъминлайди, аёл фарзандлар тарбияси, оиланинг барча аъзолари учун қулай ҳаётий шароитлар яратиш билан машғул бўлади.
Айни пайтда, сўров натижаларидан мамлакатимизда оилавий муносабатларни демократлаштириш жараёни ҳам юз бераётгани аён бўлди. Мониторинг эр-хотин тенглигига асосланган оилалар сони ошаётганини кўрсатди.
Бунда эр-хотин оила учун бир хил масъул бўлади, оила ва унинг аъзолари ҳаётига тааллуқли муҳим қарорларни биргаликда қабул қилади, оила бюджетига уларнинг ҳар иккиси ўз ҳиссасини қўшади, унинг тақсимоти билан ҳам бирга шуғулланади.
Жамиятда маиший зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслик тўғрисида фикр шаклланган. Бироқ айни дамда, оилани сақлаш учун турмушдаги зўравонликларга бардош бериши ҳали ҳам кузатилмоқда. Бу маиший зўравонликнинг пайдо бўлиши учун замин яратади.
Сўров жамоатчилик онгида мустаҳкам оила қуриш ҳамда унинг аъзолари ўртасида узоқ муддатли, ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар ўрнатиш лозим, деган қатъий фикр борлигини кўрсатди. Аҳолининг аксарият қисми ажрашишларга салбий муносабат билан қарайди. Айни дамда сўнгги йилларда оилалар у қадар мустаҳкам ва барқарор бўлмаётганини қайд этган иштирокчилар сони ошган.
Фуқаролар ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, уларда ҳаётий тажриба, масъулиятнинг етишмаслиги, муроса қилишни билмаслик ёки буни истамаслик, низоларда ён босиш, вақтинчалик моддий қийинчиликлар, эр-хотиннинг руҳий жиҳатдан бир-бирига мос эмаслигини оиланинг барбод бўлиш омилларидан, деб ҳисоблашади.
Умуман олганда, жамоатчилик фикри шуни кўрсатдики, оила Ўзбекистон фуқароларининг энг асосий ҳаётий бойлиги, жамиятнинг ахлоқий асоси, маънавият, миллий анъаналар ўчоғи ҳамда муносиб авлодни тарбияловчи ва ижтимоий тажрибани етказиб берувчи муҳим ижтимоий институт ҳисобланади.
Сўров иштирокчилари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигига қатъий ишонади ҳамда оилани янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни амалга оширишга тайёр.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик
фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида